Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.01.2018 11:29 Чоп этиш версияси

Шуманайда ҳарбий хизматчиларга уй-жойлар топширилди

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай туманида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари учун қурилган 16 хонадондан иборат уй фойдаланишга топширилди.

Тадбирда мамлакатимиз мудофаа тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, хусусан, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш, уй-жой шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

2017 йил апрель ойида бошланган қурилиш ишлари "Қурилиш бинокор Шуманай" масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан амалга оширилди. 3 миллиард 700 миллион сўм маблағ сарфланган икки қаватли замонавий уй атрофида болалар ва спорт майдончаси ҳам барпо этилган.

– Ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган ғамхўрлик чегараларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қилади, – дейди катта лейтенант Элёр Эркинов. – Тошкент олий умумҳарбий қўмондонлик билим юртини 2014 йилда тамомлаб, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинларида хизмат қилиб келмоқдаман. Янги уйда барча шароит яратилган. Бунинг учун Президентимизга миннатдорлик билдирамиз.

Санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастури тадбирга байрамона кайфият бағишлади. Қурилиш ишларида фаол қатнашган бир гуруҳ қурувчиларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.

Есимқан Қанаатов, ЎзА
8 580