Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.12.2017 18:37 Чоп этиш версияси

Шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этишнинг долзарб масалалари

Шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этишнинг долзарб масалалари Тошкентда “Шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этишнинг долзарб муаммолари: гепатопанкреатодуоденал соҳасининг ўткир жарроҳлик касалликлари ва шикастланиши” мавзуида XIV республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва Шошилинч тиббий ёрдам врачлари ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда мамлакатимиз мутахассислари билан бир қаторда АҚШ, Россия, Озарбайжон, Украина, Туркия каби давлатларнинг нуфузли тиббиёт муассасалари вакиллари иштирок этди.

9.JPG

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бош директори А.Ҳожибоев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аҳолига кўрсатилаётган шошилинч тиббий ёрдам хизматини тубдан такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон саломатлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишидир. Президентимиз соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари билан қатор учрашувлар ўтказгани, ўттиздан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилингани соҳани комплекс ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди.

Шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этишнинг долзарб масалаларига бағишланган илмий-амалий конференцияда Президентимиз томонидан мазкур йўналишда белгилаб берилган вазифалар ижроси, тез тиббий ёрдам сифатини янги босқичга кўтариш, соҳасида илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш хусусида сўз юритилди.

Конференция шошилинч тиббий ёрдам тизимида фаолият юритаётган шифокорларнинг касб маҳоратини янада юксалтиришга қаратилган бўлиб, унда жигар, ошқозон ости бези ва ўт пуфаги йўллари жароҳатланганда шошилинч тиббий ёрдамни ташкил этиш, ташхис қўйиш ва даволашда мини-инвазив ва юқори технологик амалиётлар каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.

– Шошилинч тиббий ёрдам хизмати аҳолига ихтисослаштирилган, юқори технологияли тез тиббий хизмат кўрсатиш, шошилинч тиббий ёрдам тизимини халқаро меъёрларга мос ҳолда ташкил этиш, хорижий турдош ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш каби устувор вазифаларни амалга оширишни кўзда тутади, – дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори ўринбосари Дониёр Алимов. – Бунга эришиш соҳа ходимларининг билим ва малакасини мунтазам ошириб бориш, жаҳонда соғлиқни сақлаш соҳасида эришилаётган ютуқлардан бохабар бўлиб боришни талаб этади.

Кадрлар малакасини ошириш тиббиётнинг илғор ютуқларини ҳудудларда кенг ёйиш, замонавий тиббий ёрдамни аҳолининг барча қатламига етказишнинг бирламчи омилидир. Шу маънода, жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимиздаги шошилинч тиббий ёрдам муассасаларида Россия, Германия, Ҳиндистон, Австрия, Жанубий Корея, Туркия, Украина, Озарбайжон каби давлатларнинг етакчи клиникалари мутахассислари иштирокида учрашувлар ва маҳорат дарслари ўтказилди, 50 дан зиёд шифокор ривожланган давлатларда малака ошириб қайтди. Натижада шошилинч тиббий ёрдам тизимида 200 мингдан ортиқ стационар жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди, 1 миллиондан ортиқ беморга амбулатор ва 6 миллиондан зиёд чақириқлар бўйича малакали тиббий хизмат кўрсатилди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг кардиология бўлимида 2,5 мингдан зиёд беморда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Юрак ишемик касалликларини даволашдаги аорто коронар шунтлаш, юрак клапанларини алмаштириш, коронар томирларни стендлаш, беморларга доимий бир ва икки бўлмали электрокардиостимулятор ўрнатиш, митрал бўлмани кенгайтириш каби амалиётлар бажарилди.

– Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар натижасида жаҳон талабларига мос шошилинч тиббий ёрдам тизимини ташкил этиш учун зарур шарт-шароит яратилмоқда, – дейди шифокор Марк Кайпер (АҚШ). – Айниқса, қишлоқ туманларида аҳолига юқори сифатли тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани диққатга сазовордир. Ушбу конференцияда иштирок этиб, ўз билим ва тажрибам билан ўртоқлашаётганимдан мамнунман. Бу барча шифокорларга ўзаро тажриба алмашиш учун катта имкониятдир.

Конференцияда қайд қилинганидек, жорий йилда мамлакатимизда тез тиббий ёрдамга ихтисослаштирилган 1 минг 200 автотранспорт воситаси харид қилиниб, ҳудудларга етказиб берилган. Тез тиббий ёрдам муассасаларини дори воситалари билан таъминлашни молиялаштириш ҳажми 2 баробарга оширилиб, дори воситалари билан марказлашган ҳолда таъминлаш даражаси яхшиланган, 55 касаллик тури бўйича ягона стандартлар ишлаб чиқилиб, уларни амалиётга муваффақиятли татбиқ этишга эришилган.

Анжуманда ўт пуфаги касалликлари, анъанавий даволашдан кейин пайдо бўладиган асоратларни бартараф этиш, ошқозон ости бези ўткир яллиғланишини даволашда янгича ёндашув, замонавий усуллар ва самарали ечимлар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Тадбир доирасида ёш олимлар танлови ва маҳорат дарслари ўтказилди.

Ушбу анжуман тизимдаги илмий изланишларнинг аҳамиятини ошириш, илғор ютуқ ва тажрибаларни оммалаштириш, дунёнинг етакчи клиникалари билан ўзаро тажриба алмашиш, шошилинч ҳолатларда диагностика ва даволашнинг янги истиқболли усулларини ишлаб чиқиш ва ривожлантиришга хизмат қилади.

Улуғбек Шоназаров, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
6 572