Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

26.04.2018 19:59 Чоп этиш версияси

Шоҳида Шукурова “ҳақиқат бор экан”, деб кўзларига ёш олди

Шоҳида Шукурова “ҳақиқат бор экан”, деб кўзларига ёш олди
Ҳақиқатга эришган одам хотиржам тортади, эришмаган эса “ҳақиқат йўқ экан”, деб жар солишдан ҳам қайтмайди. 

“Ҳақиқат бор экан”, деб кўзларига ёш олган аёлнинг бошидан кечирганларига қизиқиб қолдим. У Шоҳида Шукурова бўлиб, айни пайтда пойтахтимизнинг Сергели туманида истиқомат қилади. 

Сал олдин у Яшнобод тумани Уйсозлар мавзесидаги яшаган ва ўзи яшаётган кўп қаватли уйдаги муаммолар ҳақида тегишли органларга мурожаат қилган. Манфаатига зид бўлган бир гуруҳ шахслар эса Шоҳида опага турли туҳматлар уюштириб, уни судга берган. Узоқ чўзилган суд жараёнларида аёл ҳақиқатни юзага чиқараман, деб ўзига бўҳтонлар ёғилганидан қаттиқ изтироб чеккан. Унга қарши уюшган гуруҳ аввалига аёлга энг кам иш ҳақининг 20 баробари миқдорида жарима солинишига ҳам эришган. Бироқ Ш.Шукурованинг апелляция шикояти асосида вазият янада чуқурроқ ўрганилди. Аёлнинг айбсизлиги исботини топди. 

Пойтахтимизда Жиноят, Маъмурий, Фуқаролик ва Иқтисодий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судлари раислари томонидан Сергели тумани аҳолиси учун ўтказилган сайёр қабулда Ш.Шукурова кабилар тикланган адолат учун судьяларга миннатдорчилик билдириш учун келган бўлса, кўпчилик фуқаролар суд тизими ва бошқа масалаларга оид саволларига ечим қидириб келган. 

Сергели туманининг Жўнариқ кўчасида яшовчи Алижон Маликов бувисидан қолган уй-жойни мерос қилиб олиш бўйича судга мурожаат қилган. Уни меросхўр, деб топиш бўйича суд қарори ҳам чиқарилган. Бироқ мазкур уй-жойга меросхўрлар икки киши бўлиб, улар уй-жойни икки кишига расмийлаштириш бўйича тегишли идорага мурожаат қилганда бу рад этилган. А.Маликов сайёр қабулга ушбу муаммо ечимида амалий ёрдам сўраб келган. Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Ўткир Холов фуқарога уй-жойни бўлиш учун судга кассация тартибида мурожаат қилиши кераклигини тушунтирди. 

Сайёр қабул давомида фуқаролардан ўнлаб мурожаатлар тушди. Уларнинг аксарияти давом этаётган суд жараёнлари ҳақида бўлса, кўпчилиги ўрганишни талаб этадиган мурожаатлар бўлгани учун барчаси ёзиб олинди ва тегишлилиги бўйича суд раисларига тақдим этилди. Мурожаатларга қонунда белгиланган тартибда ва вақтда жавоб қайтариладиган бўлди. 

Н.Абдураимова, ЎзА
4 787