ЎзА Ўзбек

14.07.2018 17:46 Чоп этиш версияси

Шикоятлар сони 12 мингдан 6 мингтага камайди

Шикоятлар сони 12 мингдан 6 мингтага камайди
Жорий йилнинг кейинги уч ойида жойларда туман адлия бўлимлари фаолияти йўлга қўйилди. Улар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ эҳтиёжларини чуқур ўрганиш, жамиятда ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш борасида янада кенгроқ имкониятларга эгадирлар.
photo_2018-07-14_19-07-03.jpg

photo_2018-07-14_19-07-07.jpg

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2018 йил 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар якуни, йўл қўйилган камчиликлар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган ҳайъат мажлисида Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Бухоро, Фарғона вилоятларида бу борада камчиликлар мавжудлиги айтиб ўтилди.
Ҳайъат мажлиси видеоконференц алоқа шаклида ташкил этилиб, унда адлия органлари ва муассасаларининг барча даражадаги раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари М. Истамовнинг таъкидлашича, ҳисобот даврида соҳа фаолиятини такомиллаштиришга доир 3 та фармон ва 6 та қарор қабул қилинди. Шу асосда адлия органлари фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, вазирлик таркибида янги тузилмалар ташкил этилди. Хусусан, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ўз ишини бошлади. Жамоатчилик кенгаши тузилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида Адлия вазирлигида давлат ва жамият ҳаётининг муҳим масалаларини тартибга солишга қаратилган 121 та қонун ҳужжати, шундан 29 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки бараварга кўп демакдир.

Адлия тизимининг аҳоли билан мулоқоти тубдан ўзгарди, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли билан яқиндан мулоқот қилишнинг янги, замонавий ва таъсирчан шакллари амалиётга жорий этилди. Шу жараёнда шикоятларнинг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12 мингдан 6 мингтага камайди. Энг асосийси, нотариуслар ҳаракатидан норозилик мурожаатлари салмоғи 2 баробарга камайди. Давлат хизматлари марказлари соҳасида ислоҳотлар самарали бўлмоқда. Хусусан, кўрсатиладиган хизматлар сони 18 тадан 85 тагача ошди. 

Ҳайъат мажлисида асосий эътибор мавжуд хато ва камчиликлар ҳамда уларнинг илдизларини пухта танқидий таҳлил қилишга, фаолиятдаги муаммоларни очиқ-ошкора муҳокама қилишга қаратилди. Хусусан, аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш ишларини ташкил қилишда айрим тизимли муаммолар мавжудлиги, туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари ўзларига юклатилган вазифаларни бажаришга жиддий ёндашмаётганлиги, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш талаб даражасида эмаслиги, айрим ҳудуддаги аҳоли адлия бўлимлари фаолияти ташкил этилганлигидан бехабар эканлиги, бунда раҳбарларда шахсий ташаббус ва талабчанликнинг етарли бўлмаётганлиги алоҳида қайд этилди.

Йиғилишда ҳуқуқий ахборотни етказиш, юридик хизмат ва норма ижодкорлиги соҳасидаги ишларни алоҳида “йўл хариталари” орқали амалга оширишга келишиб олинди. Адлия органлари раҳбарлари тизимли назоратни таъминлаш ва янада кучайтириш, ходимларнинг масъулиятини ва уларнинг касб-одоб қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича шахсий жавобгарлигини ошириш, хизмат кўрсатувчи идоралар фаолиятини тизимли равишда назоратда ушлаб туриш, жамоатчилик гуруҳлари ёрдамида “сирли мижоз” тадбирларини кенг амалга ошириш борасида вазифалар белгилаб олинди.

ЎзА
5 986