ЎзА Ўзбек

02.03.2018 16:45 Чоп этиш версияси

Шифокорлар ўқув курсига бора бошлади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида тизимдаги бошқарув органлари раҳбарларининг малакаси ва касбий тайёргарлигини янада ошириш учун биринчи марта чуқурлаштирилган ҳафталик ўқув курси ташкил этилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг масъуллари иштирок этмоқда.

Малака ошириш курслари уч босқичда ташкил этилиб, соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинидаги раҳбар ходимларни қамраб олиши белгиланган. Режага кўра, 700 дан ортиқ раҳбарнинг малакаси оширилади.

Машғулотларда 2017 йилда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қабул қилинган Президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг мазмун-моҳияти ҳам баён этиляпти. Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкил этиш, оналик ва болалик муҳофазаси, ихтисослаштирилган тиббий ёрдам ва хусусий тиббиёт муассасалари ишини ташкил этиш бўйича вазирлик мутасадди ходимларининг маърузалари тингланмоқда.

Коррупциянинг олдини олиш, дори воситалари, тиббий техника ва ижтимоий дориларга эҳтиёжни тўғри аниқлаш, мурожаатлар билан ишлаш тартибини янада такомиллаштириш каби йўналишлар бугун соғлиқни сақлаш тизими олдида турган долзарб масалалардан ҳисобланади. Ўқув курслари давомида ушбу мавзулар атрофлича таҳлил қилинмоқда.

Гўзал Сатторова, ЎзА
9 171