Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.02.2017 20:24 Чоп этиш версияси

Шифохоналарда дори таъминотида муаммо бўлмайди

Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахтимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг турли тармоқлари, жумладан, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга доир устувор йўналишлар ўз ифодасини топди.

Давлатимиз раҳбарининг 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари билан учрашувларида ҳам бу вазифалар атрофлича таҳлил этилди, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар, уларнинг ечимлари, соҳанинг ривожланиш истиқболлари белгилаб берилди.

Шу кунларда жойларда ушбу вазифалар ижроси юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Йиғилишда пойтахтимизда шу йўналишда олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди. Пойтахтимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш, тиббиёт муассасалари фаолиятини бошқаришни ташкил этишни такомиллаштириш ҳамда унинг самарадорлигини ошириш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилингани маълум қилинди.

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимованинг айтишича, эндиликда мазкур қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тизимидаги шифохоналарга дори-дармон ва боғлов воситаларни харид қилиш учун ажратилаётган маблағ камида икки баробарга оширилади. Бу ҳақда аҳолига, айниқса, беморларга аниқ маълумот бериш мақсадида шифохоналардаги барча палаталарга тиббиёт муассасасида мавжуд дори-дармон воситаларининг рўйхати илиб қўйилади, стационарларда даволанаётган беморларнинг дори-дармон сотиб олиб келишига йўл қўйилмайди.

Пойтахтимизда тиббий хизматни ислоҳ этиш борасида амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар жараёнида дорихоналар фаолиятини такомиллаштириш, дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари чекланган нархларда сотилиши ҳолати ҳам мониторинг қилиб борилмоқда.

Тез тиббий ёрдам хизматининг моддий-техник имконияти такомиллашаётир. Яқинда ушбу тизимга яна йигирмата замонавий машина ажратилди. Тез ёрдам машиналари замонавий алоқа тизимлари билан жиҳозланган. Бу чақирувларга ўз вақтида етиб бориш имкониятини кенгайтирмоқда.

Жорий йилда пойтахтимизда фаолият юритаётган оилавий поликлиникаларга «Damas» автомашиналари ажратиш режалаштирилаётир. Бундан мақсад тиббий-профилактика хизматини янада ривожлантириш, хонадонларда уюштириладиган патронаж кўригини кучайтириш, тиббиёт муассасасига тушаётган мурожаатларга ўз вақтида жавоб бериш, тиббий хизматдан ҳар бир инсоннинг рози бўлишига эришишдир.

Брифингда пойтахтимизда тиббий хизматни ислоҳ этиш, тиббиёт муассасалари фаолиятини бошқаришни ташкил этиш, соғлиқни сақлаш тузилмаларининг моддий-техник базасини кучайтириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.

Баҳор Хидирова, ЎзА
3 337






Все о погоде - Pogoda.uz