ЎзА Ўзбек

16.08.2018 18:56 Чоп этиш версияси

“Шашмақом“да Бухоро оҳанглари

"Шашмақом" халқимизнинг фалсафий тафаккурини, ўзлиги ва қалбини ифода этадиган беназир маданий мерос ҳисобланади. У жаҳон мусиқий маданиятининг узвий қисмидир.

"Шашмақом"сиз жаҳон мусиқа хазинаси кемтик бўлиб қоларди, десак, муболаға бўлмайди. Унинг ЮНЕСКО жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатидан ўрин олгани ҳам бежиз эмас.

Мамлакатимизда ушбу санъатни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. Ушбу ҳужжатга асосан, республика мақом санъатини ривожлантириш маркази, вилоятларда, жумладан, Бухорода мақом жамоаси ташкил этилди.

– Бизда мақом ансамбли бошқа ижодий жамоа таркибида фаолият юритар, аммо унинг штатлар жадвали чекланган эди, – дейди Бухоро мақом жамоаси раҳбари Обид Темиров. – Умуман, муаммолар етарлича бўлган. Президентимизнинг соҳага оид қарорига мувофиқ, вилоят маданият бошқармаси ҳузурида мақом жамоаси ташкил этилгани бу борадаги номувофиқликни бартараф этди. Масалан, унга алоҳида бино ажратилди. Республика мақом маркази томонидан эса барча зарур миллий чолғу асбоблари етказиб берилди. Илгари мақомчилар гуруҳи 15 кишидан иборат бўлган бўлса, эндиликда улар сони икки баробар кўпайди. “Шашмақом” санъатининг моҳир ижрочилари Раҳматулла Иноятов, Эшпўлат Ортиқов, Толиб Темиров, Тўймурод Қодиров, Фазлиддин Гулов сафига уларнинг Бухоро санъат коллежидаги ўқувчилари, яъни истеъдодли шогирдлари ҳам қўшилди.

Бугун мақом жамоаси раҳбарияти ушбу ноёб санъатга меҳр қўйган йигит-қизлар орасидан ёрқин истеъдод соҳибларини кашф этиш мақсадида Бухорода санъат ва маданият коллежлари ўқувчилари, туман ва шаҳарлардаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари тарбияланувчилари ўртасида хонандалик маҳорати бўйича кўрик-танловлар ўтказишни режалаштирмоқда.

Президентимиз қарорида мақом жамоалари 2023 йилга қадар солиқнинг барча турларидан озод қилинди. Бу уларнинг молиявий имкониятларини мустаҳкамлашга, ижодий изланишларини рағбатлантиришга хизмат қилади.

Ўзбек мақомчилигининг ҳар бир ҳудудда умумий ва айни пайтда ўзига хос йўллари мавжуд. Бухоро “Шашмақом“и улар орасида оҳанги, ўйноқилиги, авжи ва дилларни ларзага келтирадиган ноласи билан ажралиб туради. Воҳада улуғ мақомчи устозлар йўлини давом эттирган Ҳалим Ибодов, Левича ҳофиз Бобохонов, Фазлиддин Шаҳобов ва бошқа хонандалар етишиб чиққан. Уларнинг пойтахтда яшаб ижод қилаётган бугунги издошлари – Ўзбекистон халқ ҳофизи Соҳибжон Ниёзов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева, “Ниҳол” мукофоти совриндори Илёс Арабов, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Моҳичеҳра Шомуродова, шунингдек, Гулзода Худойназарова ва бошқалар мақом қўшиқчилигида ўз ўринларини топишди.

Бугун санъаткорлар олдида “Шашмақом“нинг беназир йўл ва ижро усулларини янада чуқур ўрганиш ҳамда ривожлантиришдек қийин, айни пайтда шарафли вазифа турибди. Янги ташкил этилган Бухоро мақом жамоаси бу борада ўз зиммасидаги катта масъулиятни чуқур ҳис этади.

Санъаткорлар “Шашмақом” намуна (шўъба)лари, жумладан, чолғу йўлидаги “Сайқал” каби мусиқалар ва ашула (наср) йўлидаги “Сараҳбори дугоҳ“ сингари ўнлаб асарлар устида иш олиб бораётир. Таъкидлаш жоиз, “Сараҳбори дугоҳ”нинг азалдан саккиз таронаси мавжуд бўлса-да, янглиш тушунча ва талқинлар сабаб неча ўн йиллардан буён уларнинг олтитаси ижро этиб келинган. Бухоролик мақомчилар ҳозирда Германияда яшаб, Европада “Шашмақом”ни кенг тарғиб этаётган юртдошимиз, бастакор ва созанда Ари Бобохонов тақдим қилган асл нота асосида асарга нисбатан адолатли ҳақиқатни тиклашди. Мана энди “Сараҳбори дугоҳ” илк бор тўлиқлигича шинавандалар эътиборига ҳавола қилинади. Айни шу дастур билан жамоа жорий йил 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро мақом санъати анжуманида қатнашади. Умуман, ушбу анжуман Бухоро мақом жамоаси учун ўзига хос илк ва катта ижодий тақдимот вазифасини ҳам ўтайди.

– Бир неча йилдан буён Бухоро вилояти “Шашмақом” ва номоддий маданий меросни ўрганиш илмий-амалий маркази фаолият кўрсатмоқда, – дейди ушбу нодавлат нотижорат ташкилоти маркази раҳбари, Бухоро санъат коллежи директори Дониёр Неъматов. – Биз туман ва шаҳарларда мақом санъатини тарғиб қилиб келяпмиз. Тавсияларимиз асосида Пешку, Қоракўл, Ғиждувон ва Бухоро туманлари маданият бўлимлари қошида мақом ансамбллари тузилди. Ўтган йили мақом йўналишини ривожлантиришга қаратилган бизнес лойиҳамиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грантига сазовор бўлди.

Ушбу марказ янги ташкил этилган вилоят мақом жамоаси билан ҳам ҳамкорлик қилиб, зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлашда камарбаста бўлмоқда.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
5 332