Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.05.2017 19:26 Чоп этиш версияси

Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида таълим муассасалари, маҳаллаларда, давлат ва жамоат ташкилотларида Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар, хотира кечалари бўлиб ўтмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири пойтахтимиздаги 110-умумтаълим мактабида ташкил этилди. Миробод туманининг Шароф Рашидов номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда «Нуроний» жамғармаси Миробод тумани бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда тарихчи олимлар, ёзувчи ва шоирлар, маҳалла фаоллари, ўқитувчилар иштирок этди.

Тадбирда Шароф Рашидов жуда мураккаб ва оғир йилларда республикамизни бошқаргани, мустабид тузумнинг турли тўсиқларига қарамай, бор куч-ғайрати, билими, тажрибасини Ўзбекистон тараққиёти учун сарфлагани таъкидланди.

– Шароф Рашидов номининг абадийлаштирилиши халқимиз кўнглидаги иш бўлди, – дейди «Нуроний» жамғармаси Миробод тумани бўлими раиси Ботир Усмонов. – Халқимиз оқибатли халқ. Эл-юрт фаровонлиги йўлида хизмат қилган фарзандларини ҳеч қачон унутмайди.

Тадбирда халқимиз бу улуғ инсонни нафақат давлат раҳбари, балки Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқат, сабр-қаноат, матонат ва ҳалолликни тараннум этган кўплаб асарлар муаллифи сифатида ҳам яхши билиши қайд этилди. Хотира кечасида Ш.Рашидовни яқиндан таниган кишилар бу инсоннинг ибратли ҳаёт йўли ва сермаҳсул ижодий фаолияти хусусида ёшларга сўзлаб берди.

Тадбирда адиб асарларидан намуналар ўқилди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
5 346






Все о погоде - Pogoda.uz