Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.07.2017 17:18 Чоп этиш версияси

Шарқ табобатига бағишланди

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан янгилаш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишга доир муҳим вазифалар белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 5 январь ва 7 февраль кунлари соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлган учрашувларида, Президентимиз раислигида 30 март куни ўтказилган видеоселектор мажлисида тизимдаги мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқиш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари томонидан соғликни сақлаш ва олий тиббий таълим тизимини комплекс ривожлантиришнинг энг муҳим вазифалари белгилаб берилди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат стоматология институти Республика 2-клиник шифохонаси, Тошкент тиббиёт академияси 3-клиникаси, Жанубий Кореянинг Пусан Миллий университети билан ҳамкорликда кенг кўламли тадбирларни амалга оширмоқда. Шу кунларда Корея Республикасидан келган мутахассислар иштирокида аҳолини соғломлаштириш бўйича тиббий кўриклар, шифокорлар учун маҳорат дарслари ўтказилаётир.

Тошкент давлат стоматология институтида Шарқ табобатига бағишланган анжуман ўтказилди. Унда Тошкент давлат стоматология институти ректори Жасур Ризаев, Корея Республикаси халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Им Жонг Хи ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривож топиб, юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

– Табобат илмининг султони Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асари асрлар ўтса-да, ўзининг мавқеини йўқотган эмас, замонавий тиббиётнинг ривожланишида асос бўлиб хизмат қилаётир, – дейди Жанубий кореялик шифокор Жун Же Ли. – XV-XVI асрларда яшаган Хео Жуннинг асарлари ҳам Шарқ табобатининг хазиналаридан саналади. Мамлакатларимиз тиббиётида, жумладан, халқ табобатида ўзаро муштарак жиҳатлар кўп. Бунда беморлар кимёвий дори воситалари ва жарроҳлик амалиётисиз гиёҳлар, игна, зулук ёрдамида табиий усулда даволанади. Еттинчи маротаба ўтказилаётган мазкур конференция ҳамкасбларимиз билан ўзаро тажриба алмашишимизга кўмак бермоқда.

Тадбирда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мутахассислар малакасини оширишга кўмаклашиш, ўзаро манфаатли алоқаларни янада жадаллаштириш мақсадида Тошкент давлат стоматология институти ва Пусан Миллий университети ўртасида меморандум имзоланди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
3 749






Все о погоде - Pogoda.uz