Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.06.2018 19:14 Чоп этиш версияси

Шаффофликни таъминлашда онлайн кузатувнинг аҳамияти

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки фаолияти самарадорлигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидландики, Ўзбекистон банк-молия соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Пировардида банклар фаолиятида мутлақо янги тизим ишга тушиб, фуқаролар, хусусан, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш йўлида кўрсатилаётган хизматлар тури кўпайиб, сифати ошмоқда. Тизимга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳам яхши самара бермоқда. 

Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Банк бошқаруви раиси ўринбосари Низомиддин Аббосовнинг маълум қилишича, банк хизматлари ва маҳсулотларининг янги турларини жорий этиш, банк филиаллари ва мини-банклар тармоғини кенгайтириш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хорижий валютанинг олди-сотди операцияларини амалга ошириш ва халқаро тўлов карталаридан пул маблағларини хорижий ва миллий валютадаги муддатли омонатларга ўтказишни таъминловчи тизим жорий этилган. Кредит олиш шаффофлигини таъминлаш мақсадида мижоз онлайн тарзда жараённи кузатиш имкониятига эга.

Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларини бошқариш, шунингдек, мамлакатимиз аҳолисига пенсия ва нафақа маблағларини аҳоли яшайдиган ҳудудларга нақд пул кўринишида етказиб бериш вазифалари ҳам мазкур банк зиммасидадир.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 4 майдаги “Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки ва “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг молиявий ҳолатини яхшилаш ҳамда фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан банк бир қатор имтиёз ва имкониятларга эга бўлди, – деди Халқ банкининг иқтисодий таҳлил департаменти директори Жамол Юсупов. – Мазкур ҳужжатга мувофиқ, 2018-2019 йилларда Халқ банки устав капиталини 1,6 триллион сўмга ошириш, “UzPaynet” МЧЖни ихтиёрий равишда тугатиш ва Халқ банкининг таркибий бўлинмасини тузиш белгиланди.

Тадбирда давлат активларини бошқариш тизими, пенсия ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам сўз борди. Айни кунда Халқ банкининг барча ҳудудий ва туман (шаҳар) филиалларида пенсия ва нафақа тўловлари бўлими ташкил этилган. Унинг сайёр кассалари орқали мамлакатимизда истиқомат қилаётган 3 миллиондан зиёд пенсионерга нафақа пули вақтида етказиб берилмоқда.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
3 257