Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2018 19:05 Чоп этиш версияси

Шаҳрисабзда янги ўқув маркази

Шаҳрисабзда янги ўқув маркази
Шаҳрисабзда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадларига қаратилган яна бир истиқболли лойиҳа амалга оширилди. Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (КОICA) кўмаги билан касб-ҳунарга ўқитиш маркази иш бошлади.

Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарининг шу йил январь ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида режалаштирилган эди. Фойдаланилмай турган қаровсиз бино ўрнида қисқа муддатда янги ўқув маркази бунёд этилди. 

– Ёшларнинг билим олиш ва касб-ҳунар ўрганишга иштиёқи баланд экани юз-кўзида шундоқ акс этиб турибди, – дейди ўқув марказининг қурилиш менежери Чой Давид. – Бу ҳар қандай кишини тўлқинлантириб юборади. Марказда улар металлга ишлов бериш, электроника, энергетика, компьютер ҳамда тикув ва ип йигирув технологияларини чуқур ўрганади, малакали мутахассис бўлиб етишади. Бу борадаги ҳамкорликни давом эттиришни мақсад қилганмиз.

Ўқув маркази учун Корея Республикаси томонидан 8,5 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратилди. Ўқувчилар учун бу ерда барча шароит муҳайё қилинган. 250 ўринли ўқув биноси, машғулот ва лаборатория хоналари, узоқдан келиб таҳсил олувчилар учун замонавий ётоқхона, кутубхона, ошхона ва спорт майдончаси барча зарур жиҳозлар билан таъминланган.

Марказда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва мутахассисликларга ўқитиш назарда тутилган. Шунингдек, инглиз ва рус тиллари, тадбиркорлик ва бизнес асослари чуқур ўргатилади.

– Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ўзаро ҳамкорлиги доирасида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва мутахассисликлар бўйича олий малакали кадрларни ўқитиш ва қайта тайёрлашга йўналтирилган бир қатор лойиҳалар амалга оширилди, – дейди бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Низомов. – Шаҳрисабз шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази 1 июлдан иш бошлади. Ушбу марказда ўқитиш бепул амалга оширилади ва ўқиш даврида тайёрланувчиларга бандликка кўмаклашувчи давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендия тўланиши кўзда тутилган.

Ўқув марказида йилига 480 нафар иш билан банд бўлмаган аҳоли ҳамда таълим муассасалари битирувчиларини касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш режалаштирилган. Дарс машғулотларини Жанубий Кореяда малака ошириб қайтган тажрибали педагог ва усталар олиб боради.

– Ўқув марказига тикувчилик йўналишига қабул қилинганимдан жуда хурсандман, – дейди Шаҳноза Акбарова. – Келажакда нафақат тикувчилик билан шуғулланишни, балки корейс тилини пухта ўрганиш ва Жануби Кореяда олий маълумот олишни мақсад қилганман.

Яқин кунларда ўқув марказига Жанубий Кореядан энг сўнгги русумдаги замонавий ўқув жиҳозлари келтириб ўрнатилади. 6 ойдан сўнг эса пухта билим ва малакага эга бўлган 240 нафар мутахассис ўқув марказини тугатиб, иш бошлайди. 

Ў.Баротов, ЎзА
6 218