ЎзА Ўзбек

03.09.2018 17:17 Чоп этиш версияси

​Медиатур: ўтмишга ҳамоҳанг ҳайрат чизгилари

​Медиатур: ўтмишга ҳамоҳанг ҳайрат чизгилари
Жорий йилнинг 2-3 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларида амалга оширилаётган иқтисодий ўзгаришлар, туризм салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар натижаси билан танишиш мақсадида медиатур ташкил этилди.

Турли оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мазкур медиатур дастурига мувофиқ, дастлабки танишув Шаҳрисабз шаҳри ва бу қадим шаҳарда шу йилнинг 6 сентябрь куни бошланадиган халқаро мақом санъати анжуманига тайёргарлик жараёнлари билан боғлиқ бўлди.

6e28f6b7-f952-43d5-85ac-38b2d6467dc0.jpg

Шаҳрисабз шаҳри ўтмиш ва бугунни бир-бирига боғловчи марказга айланмоқда. Бунга биринчи маротаба ташкил этилаётган нуфузли фестиваль ва уни ўтказиш учун кўрилаётган улкан тайёргарлик ишлари яққол мисолдир. Негаки, катта ҳудудни ўз ичига олган Оқсарой ёдгорлиги атрофида шаҳарда мавжуд йигирма бешта тарихий обиданинг 16 таси жойлашган.

b9330ab1-175a-4a7d-a1dd-31fca894a313.jpg

Шу билан бирга, бу ерда яратилаётган декорациялар ранг-баранглиги, ўтмиш удумлари билан ҳамоҳанглиги кишини ҳайратлантиради. Яна бир эътиборли жиҳати, унда ҳар бир вилоятнинг яшаш тарзи, анъаналарини ўзида ифода этган бу каби декорациялар шаҳрисабзликлар, меҳмонлар ва хорижликларни бефарқ қолдирмайди.

3a628bee-b774-439d-ae9a-262de2395c97.jpg

– Мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришларнинг муҳим омилидавлатимиз раҳбари томонидан юритилаётган оқилона сиёсат билан чамбарчас боғлиқдир, – деди Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Исмат Нусуров. – Бунда ўтмишни қадрлаш, анъаналар бардавомлигини таъминлашга қаратилаётган ишлар эътиборлидир. Шаҳримиз катта байрам остонасида турибди. Бу илк бор ташкил этилаётган халқаро мақом санъати анжумани бўлиб, унга тараддуд ишлари якунланиш арафасида. Бу борада қилинган ишларга эътибор қаратадиган бўлсак, Оқсарой ҳудудида жойлашган маданият саройини бунёд этиш ишларига 9 миллиард, шаҳар ички йўлларини таъмирлашга 10 миллиард ҳамда бу ерда тадбиркорлар томонидан амалга оширилган ишлар учун 50 миллиард сўм маблағ сарфланди.

f8ca6687-bb45-4271-ac47-e57de2327f51.jpg

Таъкидлаш керакки, анжуманда 75 давлатдан вакиллар иштирок этиши кутилмоқда. Фестиваль доирасида турли тадбирлар, хусусан, халқаро танлов, конференция, этнографик ансамбллар чиқишлари ва концерт дастурлари намойиш этилади.

40dfb438-dc9f-4630-9882-c471a6caca98.jpg

Тадбир доирасида Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев медиатур иштирокчилари билан учрашди.

Учрашувда вилоят ҳокими Қашқадарё вилоятида ислоҳотларга монанд рўй бераётган янгиликлар ва бунёкорлик ишларига алоҳида эътибор қаратиб, бунда Шаҳрисабз шаҳридаги ўзгаришлар ва халқаро мақом санъати анжуманининг ўтказилиши, унинг халқаро ҳамжамиятдаги аҳамияти мамлакатимиз туристик салоҳиятини жаҳонга танитишда муҳим эканини таъкидлади.

5f1b2c9e-3f30-468e-a94c-fb9d5cf67a7d.jpg

Медиатурнинг иккинчи кунида қатнашчилар Қарши шаҳрининг бугунги жамоли, бу ердаги тарихий қадамжолар ва янги объектлар билан танишишга муваффақ бўлди.

Насиба Зиёдуллаева, Асқар Ёқубов (сурат), ЎзА
8 196