ЎзА Ўзбек

06.09.2018 19:17 Чоп этиш версияси

Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани бошланди

Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани бошланди
Шу кунларда тарих ва келажак учрашган манзил – қадимий Кеш шаҳрида байрамона руҳ ҳукм сурмоқда. Халқаро мақом санъати анжуманига кўрилган пухта тайёргарлик шаҳарга ўзгача файзу тароват бахш этган. Сўлим боғ ва хиёбонлар, турфа гуллар ифори тутган нурафшон кўчалар ҳар қандай кишига янада кўтаринкилик бағишлайди. Жаҳоннинг турли минтақаларидан келган турфа одамлар чеҳрасидаги мамнунлик, ўзаро самимий муносабат Шаҳрисабзда катта байрам бошланаётганидан дарак беради.

9a35f9d6-78a8-7129-f87e-d794be9627af.jpg

Қадимдан гоҳ Кеш, гоҳ Шаҳрисабз аталиб келаётган шаҳарга оҳиста оқшом қўнади. Дунёнинг тенгсиз обидаси – Оқсарой турфа чироқлар нурида янада маҳобатли кўринади. Гарчи куз фасли бошланган бўлса-да, киши нигоҳи илғаган жойгача яшиллик билан бурканган майдонлар ривоятни ҳақиқатга айлантиргандек. Ҳа, Шаҳрисабз бежиз яшил воҳага қиёсланмаган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори ва Халқаро мақом санъати анжуманини Шаҳрисабз шаҳрида ўтказиш борасидаги ташаббусидан кейин шаҳарда қисқа фурсатда улкан ишлар амалга оширилди.

304b36cd-4c72-4bcd-e89c-60ef7df0fb9c.jpg

Анжуман ўтадиган Оқсарой майдони атрофида юртимиз тарихи ва маданиятини ифода этувчи махсус саҳна, турфа анъана ва қадриятларимиз, юртимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган меҳмон уйлари, ҳунармандлик расталари қад ростлади, ҳудуд ободонлаштирилди. Майдон рўпарасида концерт дастурларини ўтказиш учун 1800 ўринли амфитеатр барпо этилди.

ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Дорус-саодат ва Дорут-тиловат мажмуалари, Кундузак масжиди, Абдушукур Оғалик мадрасаси, Чорсу бозори каби 20 дан ортиқ обидалар анжуман қатнашчиларига ҳайрат улашади.

6 сентябрь, соат 19.00. Шаҳрисабз, Оқсарой майдони.

Фестиваль иштирокчилари ва томошабинлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олди.

a49a0a47-d38f-5c36-4030-667f83d3df54.jpg

Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга берилди.

Давлатимиз раҳбари Амир Темур бобомиз барпо этган Оқсарой майдонида ўтаётган Халқаро мусиқа анжумани иштирокчилари ва меҳмонларини қутлаб, жаҳон халқларининг мусиқий хазинасига айланган мақом санъатини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уни келгуси авлодларга безавол етказиш мазкур анжуманнинг асосий мақсади эканини таъкидлади.

ЎзА
7 735