Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.12.2017 17:43 Чоп этиш версияси

Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари таркибида болалар анестезиологияси ва реанимацияси бўлимлари ташкил этилади

Болаларда генетик синдромларни эрта ташхислаш, туғма гипотериоз ва фенилкетонурия каби наслий касалликларга чақалоқларни оммавий (95 фоиз қамровли) скрининг текширувларидан ўтказиш, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари таркибида болалар анестезиологияси ва реанимацияси бўлимларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида ўтказилган «Ўзбекистон ҳудудларида болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва истиқболлари. Педиатрияда инновацион масалалар» мавзуидаги илмий-амалий анжуманда маълум қилинди.

Анжуманда Президентимизнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими муаммоларини бартараф этиш ва ривожлантириш истиқболларига йўналтирилган топшириқлари ижроси, болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдамни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларнинг амалий натижалари, тизимда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ва истиқболдаги режалар таҳлил қилинди.

Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, вилоят ва туман тиббиёт муассасаларининг ўзаро узвий боғлиқлигини таъминлаш, вертикал бошқарув сифатини ошириш ва болаларга ихтисослаштирилган тиббий хизматни мувофиқлаштириш мақсадида Андижон, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳудудлараро болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари этиб белгиланди.

Қишлоқ оилавий поликлиникаларида ишлаётган гинеколог ва педиатр врачлар штатлар жадвалининг қайта кўриб чиқилаётгани оналар ва болаларга тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш имкониятини янада кенгайтиради.

Тадбир доирасида миллий ва халқаро компаниялар маҳсулотларининг кўргазмаси бўлиб ўтди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
6 845