ЎзА Ўзбек

02.09.2018 15:23 Чоп этиш версияси

Ўш шаҳрида ўзбекистонлик қурувчилар томонидан бунёд этилган мактаб-гимназия фаолиятини бошлади

Ўш шаҳрида ўзбекистонлик қурувчилар томонидан бунёд этилган мактаб-гимназия фаолиятини бошлади

Ўш шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н.Йўлдошев раҳбарлигидаги мамлакатимиз парламенти делегациясининг Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

246227438_356604.jpg

Учрашувда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида барча соҳаларда ҳамкорлик мустаҳкамланиб, кенгайиб бораётганлиги, биргина жорий йилнинг январь-июль ойида ўзаро савдо айланмаси 88 фоизга ўсиб, қарийб 215,7 миллион долларига етганлиги таъкидланди.

246227609_355056.jpg

Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан, Ўш шаҳрида ўзбекистонлик қурувчилар томонидан барпо этилган янги мактаб-гимназиянинг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Икки қўшни давлат ўртасида маданий, таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда Ўзбекистондаги 90 та мактабда 7,5 мингга яқин ўғил-қиз қирғиз тилида сабоқ олмоқда. Ўзбекистонда қирғиз тили ва маданияти, Қирғизистонда эса ўзбек тили ва маданиятини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўш шаҳри марказидаги Алишер Навоий номидаги 630 ўринга мўлжалланган уч қаватли мактаб-гимназия қурилиши Андижон вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида мамлакатимизнинг қатор қурилиш ташкилотлари томонидан амалга оширилди. Қурилиш материаллари, ускуна ва жиҳозлар Ўзбекистондан келтирилди.

Кенг ўқув ва лаборатория хоналари, катта томоша саҳнасига эга фаоллар зали, спорт зали, футбол майдони, тиббиёт хонаси, 150 ўринли ошхонаси бўлган мазкур мактабда ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун зарур шароитлар яратилган. Мактабнинг қарийб 1 гектар ҳудудига турли манзарали дарахтлар ўтқазилди, ободонлаштириш ишлари бажарилди.

– Ўзбекистон ҳукуматининг беғараз ёрдами билан мактабимизга янги бино қуриб берилганлиги, шунингдек, 56 компьютер, 33 телевизор, 6 проектор тақдим этилганлигидан беҳад мамнунмиз, – дейди 18-мактаб-гимназия директори Турдиойим Қорамурзаева. – Бу турли миллатларга мансуб ўқувчилар таҳсил олаётган мактабимизда таълим сифатини оширишга ёрдам беради, қолаверса, ўзбек-қирғиз дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мактабимизда турли хорижий тилларни ўргатишга алоҳида эътибор қаратилади. Ота-оналарнинг таклиф ва истакларини инобатга олиб, ўзбек тилида қўшимча машғулотлар ташкил этилади.

Дўстлик ва биродарлик байрамига айланиб кетган тадбирда ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тинчлик, миллатлараро дўстликни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар янгради.

Ф.Убайдуллаева, ЎзА
5 968