Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2017 18:58 Чоп этиш версияси

Парламент аъзолари билан учрашув вақтида тадбиркорларни қийнаётган айрим муаммолар жойида ҳал этиб берилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли турмуш тарзи билан танишмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиниши муносабати билан ҳамда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида амалга оширилаётган мулоқотларда жойларда иқтисодий инфратузилма ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, молия-кредит ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу қонун ижодкорларининг жойларда ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиши, қабул қилинаётган қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини ўрганиши, аҳолининг талаб ва таклифларини эшитган ҳолда келгуси вазифаларни белгилаб олишида муҳим аҳамият касб этади.

Ғаллаорол туманида тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев сенаторлар ва депутатларнинг, давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг аҳоли билан мулоқотлари муаммоларга жойида ечим топиш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Учрашувда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермерлар ўз фаолиятини кенгайтириш, ер ажратиш, кредит олиш ва бошқа масалалар юзасидан Сенат Раиси ва вилоят ташкилотлари раҳбарларига мурожаат қилди, саволларига жавоб олди.

Айрим муаммоларга шу ернинг ўзида ечим топилди. Жумладан, “Марварид нур” кичик корхонаси раҳбари Ихтиёр Холбўтаевнинг кредит олиш, “Олтин бошоқ садоси” фирмаси раҳбари Шавкат Собировнинг нон ишлаб чиқариш корхонаси учун ун фондини кўпайтириб бериш юзасидан қилган мурожаатларини ҳал этиш бўйича тегишли идоралар раҳбарлари билан аниқ муддатлар келишиб олинди.

– Президентимизнинг халқ билан мулоқот ўтказишни давлат органлари олдига энг муҳим вазифа сифатида қўяётгани кўплаб муаммоларимизни ҳал этишнинг ишончли йўли эканига учрашувда тўла амин бўлдим, – дейди “Музбулоқ – Ойбек” фермер хўжалиги раҳбари Абдували Пардаев. – Ишлаб чиқариш корхонаси қуриш учун хўжалигимиз ҳудудидан ер ажратиш бўйича мурожаат кўпдан буён ҳал этилмай келар эди. Ушбу учрашувда мурожаатимизни қонуний ҳал этиш юзасидан кадастр хизмати раҳбарларига аниқ вазифа юклатилиб, ижроси вилоят ва туман раҳбарлари томонидан назоратга олинди.

Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларидан иборат гуруҳлар тумандаги давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллалар, таълим ва тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишиб, маҳалла фаоллари, тадбиркор ва фермерлар, ўқитувчи ва ўқувчилар билан мулоқот ўтказмоқда. Мулоқотлар давомида қабул қилинган қонунлар, Президентимиз фармон ва қарорларининг ижроси, тадбиркорликни ривожлантиришга, аҳоли турмуш даражасини оширишга тўсиқ бўлаётган камчилик ва нуқсонлар ўрганилаётир.

Ўрганишлар натижалари туман Кенгаши депутатлари ва фаоллари иштирокида муҳокама этилади. Парламент аъзоларининг аҳоли билан мулоқотлари жойларда давом этмоқда.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
3 261






Все о погоде - Pogoda.uz