Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2017 19:42 Чоп этиш версияси

Сенатор ва депутатлар аҳоли ҳузурида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли турмуш тарзи билан танишмоқда.

Учрашувларда аҳоли, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари, фермерлар ўз фаолиятини кенгайтириш, ер ажратиш, кредит олиш ва бошқа масалалар юзасидан сенатор ва депутатлар, вилоят ташкилотлари раҳбарларига мурожаат қилиб, саволларига жавоб олмоқда. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, қабул қилинаётган қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлашга тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳамда аҳолини ўйлантириб келаётган долзарб масалалар ҳар томонлама ўрганилиб, уларга жойида ечим топишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларидан иборат гуруҳлар тумандаги давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллалар, таълим ва тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишмоқда. Ҳудудлардаги аҳволни ўрганиш жараёнида аҳоли хонадонларига кириб, улар билан суҳбатлашмоқда.

“Чияли” ва “Қумдарё” қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудини ўрганиш жараёнида тадбиркорликни ривожлантириш, банк-молия муассасалари фаолиятини самарали ташкил этиш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги мавжуд муаммолар таҳлил қилинди.

“Қумдарё” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Оқтўнли қишлоғида истиқомат қилувчи Ҳайитгул Шовқулова бундай деди:

– Фарзандларим билан қандай ишнинг бошини тутишни билмай юрган эдик. Сенатор ва депутатлар уйимизга келиб, ҳолимиздан хабар олганидан, очиғи, жуда хурсанд бўлдик. Улар чорвачилик учун имтиёзли кредит олишимизни маслаҳат бериб, бунинг учун зарур ёрдам кўрсатилишини айтди. Орзуларимиз ушалса, оилавий тадбиркорликни йўлга қўямиз.

Туманнинг “Тўқмор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўлган гуруҳ вакиллари ҳам аҳолининг мурожаат ва муаммоларини ўрганди.

Ўтган йили Чироқчи иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини битирган Дилобар Бекмуродова турли ширинликлар тайёрлаб, кичик бизнес билан шуғулланмоқда. Айни пайтда у банкдан 30 миллион имтиёзли кредит олиб, тикувчилик цехи очиш ҳақида ўйлаб юрарди. Лекин гаров таъминоти йўқлиги боис, мақсадига эриша олмаётган эди. Ёш тадбиркорнинг бу ниятини эшитган депутатлар ва туман ҳокимлиги вакиллари бу борада уни қўллаб-қувватлашга ваъда берди.

– Фақат телевизорда кўриб юрган депутатларнинг хонадонимизга келиб, муаммоларимизни ўрганаётгани ва уларни ҳал этишда амалий кўмак бераётгани, айниқса, биз, ёш тадбиркорларни янги мақсадлар сари руҳлантирмоқда, – дейди Дилобар. – Президентимиз ташаббуси билан бундай эзгу ишлар амалга оширилаётгани ҳаётимизнинг янада фаровон бўлишига, Ўзбекистонимиз тараққиётига хизмат қилади.

Парламент аъзоларининг аҳоли билан мулоқотлари жойларда давом этмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА
2 102






Все о погоде - Pogoda.uz