Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2017 16:51 Чоп этиш версияси

Сенатор ва депутатлар Бувайда туманида аҳоли билан мулоқот ўтказмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда бўлиб, жойлардаги муаммоларни ўрганмоқда, халқ билан мулоқот ўтказмоқда.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари тубдан қайта кўриб чиқилиши, бу борада аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фарғона вилоятидан сайланган депутатлар ва сенаторлар Бувайда туманида бўлиб, фуқаролар билан мулоқот ўтказди.

Очиқ ва самимий мулоқот чоғида тумандаги иқтисодий инфратузилма ва тадбиркорликни ривожлантириш, молия-кредит муассасалари фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли бандлигини кафолатлаш масалалари диққат марказида бўлди. Бу қонун ижодкорларининг жойларда ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиши, қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини ўрганиши ҳамда аҳолининг талаб ва таклифларини эшитган ҳолда келгуси вазифаларни белгилаб олишида муҳим аҳамиятга эга.

– Тумандаги ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини, хонадонларда бўлиб, одамлар фикри ва эҳтиёжларини ўрганмоқдамиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Илҳомжон Носиров. – Мулоқотларда кўтарилган кўплаб масалалар ижобий ҳал этилди. Қишлоқ врачлик пунктлари ҳолати, тиббий хизмат сифати, умумтаълим мактабларида ўқитиш жараёни самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорлар мазмун-моҳияти бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

“Янгиқўрғон”, “Қўнғирот”, “Бекобод”, “Найман”, “Бештерак” каби қишлоқ фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтган мулоқотдан аҳоли мамнун.

“Бештерак” қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлган мулоқотларнинг бирида хонадонлардаги мавжуд маиший-ижтимоий муаммолар ўрганиб чиқилди. Унда хонадон эгаси Ҳаётжон Норматовнинг вақтинча ишсизлиги сабаб, қўшимча даромад олиши учун оиласида паррандачилик билан шуғулланишига банк кредити ажратилиши режалаштирилди. Шунингдек, оиласида тикувчиликни йўлга қўйиб, ўндан ортиқ иш ўрни яратган, мебель цехи ва иссиқхоналар ташкил этган хонадонларга ҳам қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида банк кредитлари ажратилишига келишиб олинди.

– Депутатларнинг уйимизга келиб, ҳаёт тарзимиз билан танишиши бизни беҳад қувонтирди, – дейди Найман қишлоғида яшовчи Ғуломжон Абдураззоқов. – Томорқамизда иссиқхона ташкил этганмиз. Айни кунларда помидор, қалампир етиштираяпмиз. Иссиқхона ишига барча оила аъзоларимиз жалб қилинган. Шукр, даромадимиз яхши. Тўй қилаяпмиз, уй қуряпмиз. Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаман, деган ҳар бир фуқарога давлатимиз томонидан барча шароит яратиб берилмоқда. Бундан биз жуда хурсандмиз.

Парламент аъзоларининг аҳоли билан мулоқотлари жойларда қизғин давом этмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 279






Все о погоде - Pogoda.uz