ЎзА Ўзбек

03.08.2018 21:57 Чоп этиш версияси

Сенат қўмитасининг фаолияти қониқарлими?

Сенат қўмитасининг фаолияти қониқарлими?
Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти якунларига ва келгусидаги устувор йўналишларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Қўмита аъзолари мудофаа ва хавфсизлик соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, Мудофаа доктринаси ҳамда миллий манфаатларига, давлат ҳарбий ва мудофаа қурилиши асосларига мувофиқлигини ўрганиш, хулоса ва таклифлар тайёрлашда фаол иштирок этмоқда.

Назорат тадбирлари доирасида қўмита томонидан ички ишлар вазирининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти, шунингдек, 1984 йил 10 декабрда қабул қилинган ва Олий Мажлиснинг 1995 йил 31 августдаги қарори билан ратификация қилинган БМТнинг қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг ўта шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши Конвенцияси қоидаларининг амалга оширилиши бўйича ички ишлар вазири ўринбосарининг ахбороти эшитилди.

Қўмитанинг иш режасига мувофиқ «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонуннинг сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматга оид қисми ижроси ҳамда ёшларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги ҳолати ўрганиб чиқилди. Ўрганиш якунлари бўйича сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳамда ёшларнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига парламент сўрови юборилди.

Сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва уларни ҳал этиш юзасидан зарур чоралар кўриш мақсадида қўмита аъзолари сайловчилар билан 238 та учрашув ўтказдилар.

Қўмитага юридик ва жисмоний шахслардан 4 минг 30 та мурожаат келиб тушди ва аниқланган масалаларни ҳал этиш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 50 дан ортиқсўров юборилди. Масалан, Тошкент метрополитенида фото ва видеотасвирга тушириш масаласига аниқлик киритилмаган эди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларида метрода фото ва видеотасвирга олиш мумкинлигини билдирган бўлсалар, фуқаролар ва журналистлар бунга эътироз билдириб, ўз норозилигини яширмадилар. Шу муносабат билан қўмита томонидан жорий йилнинг 28 май куни «Тошкент метрополитени» давлат унитар корхонасига бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида сенатор сўрови юборилди. Натижада метрополитен раҳбарияти метрополитендан фойдаланиш қоидаларига ўзгартириш киритилиши ва метрода фото ва видеотасвирга олишга расман рухсат берилиши ҳақида буйруқ чиқарди.

Ишга жойлашишда ёки ўқув юртига киришда, пенция тайинлашда, паспорт беришда ва бошқа вазиятларда давлат органлари фуқаролардан ҳарбий гувоҳнома ёки чақирув участкасида қайд этилганлик тўғрисидаги гувоҳномадан ташқари ҳарбий мажбуриятга тааллуқли бошқа ҳужжатларни талаб қилиши билан боғлиқ ҳуқуқни қўллаш амалиёти қўмита томонидан ўрганилди.

Қўмита томонидан ушбу масалани ўрганиш натижасида бу борада бир қатор муаммолар борлиги, жумладан, қонун ҳужжатларида тафовутлар мавжудлиги ва меъёрий ҳужжат нормалари турлича талқин қилиниши, фуқаролардан қонунчиликда назарда тутилмаган ҳужжатлар ва маълумотномалар талаб қилиниши аниқланди. Буларнинг барчаси фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда, кўп сонли сансоларлик тўсиқлар пайдо бўлишига, беҳуда вақт сарфланишига, ўз мансабини суиистеъмол қилишга ва турли йўллар билан қонун бузилишига шароит яратмоқда.

Шу туфайли қўмита ҳарбий гувоҳнома ёки чақирув гувоҳномаси мавжуд бўлса, фуқаролардан ҳарбий хизматга тааллуқли бошқа ҳужжат ва маълумотларни тақдим этиш талабини бекор қилиш ҳамда бундай хизматни Давлат хизматлари агентлиги томонидан кўрсатиш масаласи юзасидан Вазирлар Маҳкамасига сенатор сўрови юборди. Вазирлар Маҳкамаси қўмитанинг бу ташаббусини қўллаб-қувватлади ва 2019 йил 1 январьдан эътиборан бу маълумотлар Давлат хизматлари агентлиги томонидан тақдим этилишини режалаштирди.

Нурилло Насриев, ЎзА
13 869