Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.11.2017 19:10 Чоп этиш версияси

Семинар ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга бағишланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни бўлиб ўтган мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселекторда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам муҳим вазифалар белгиланди.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар ҳамда хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари, ички ишлар бўлимлари мутасаддилари, жамоат ташкилотларининг туман ва шаҳарлардаги раҳбарлари, маҳаллалар кенгашлари ижро аппаратлари ходимлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари, маҳалла маслаҳатчилари, профилактика инспекторлари ҳамда “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмалари вакиллари қатнашди.

Семинарда мамлакатимизда илгари сурилаётган улкан ғоя ва ислоҳотлар мазмун-моҳиятини оммага етказиш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти, фуқаролик масъулияти ва ижтимоий фаоллигини ошириш орқали ҳар қандай кўнгилсиз воқеаларга қарши ғоявий иммунитетини кучайтириш маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар учун энг долзарб масалалардан экани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш давлат идоралари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгилаб қўйилган.

Мазкур ҳужжатда кўрсатилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда фуқаролар йиғинлари ва улардаги жамоатчилик тузилмалари ишини жонлантириш, тизим фаолларининг жойлардаги давлат органлари, биринчи навбатда, ҳудудий профилактика инспекторлари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан жорий йилнинг 13-18 ноябрь кунлари мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида, 20-25 ноябрь кунлари эса барча маҳаллаларда «Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш механизмлари» мавзуида ўқув-семинарларнинг ташкил этилишидан асосий мақсад ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда услубий-амалий жиҳатдан билим ва кўникма, йўл-йўриқлар беришга қаратилган.

– Маҳаллалар тинч ва осудалиги, уларда истиқомат қилаётган кексаю ёшнинг фаровон ҳаётини таъминлаш ҳамда уларга ҳар томонлама кўмак бериш, қувончу ташвишига шерик бўлиш давлат идоралари қаторида нодавлат ташкилотлар ҳам бирдек масъулдир, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши бош мутахассиси Омила Орипова. – Шу сабабли семинарда ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни тизимли ўрганиш, ёшлар тарбияси ва уларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоялашда барча ташкилотларнинг ҳамжиҳатликда ишлашига алоҳида урғу берилди.

Ўқув-семинарда қайд этилганидек, бундан буён профилактик ҳисобда турган оилалардаги муҳитни соғломлаштириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида уларга жамоатчилик тузилмалари бириктирилади. Жумладан, “Қайноналар кенгаши”, Яраштириш ва Хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссиялар зиммасига нотинч оилалар, ажралиш учун ариза берганлар, жиноят содир этган хотин-қизларни маънавий соғломлаштириш масалалари билан шуғулланиш белгиланган. Ушбу тадбирларни ташкил этишда маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси масъул ҳисобланади.

«Нуронийлар» жамоатчилик кенгашига жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этган оилалар, ҳисобда турган вояга етмаганлар профилактикаси юклатилган бўлса, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, якка-ёлғиз ва ногиронлар билан ишлашни Ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссиялар зиммасига олади. Бандлиги таъминланмаган фуқаролар, уй-жойга муҳтожлар ҳамда уюшмаган ёшлар билан эса маҳалла раиси ва унинг ёшлар бўйича ўринбосари ҳамда йиғин қошидаги Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссия раиси шуғулланади.

Семинарда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирларига кенг жамоатчиликни жалб этиш, уларни малакали мутахассислар, ёзувчилар, шоирлар, олимлар, санъаткорлар, спортчилар, ёш қаламкашлар, ибратли оила вакиллари иштирокида ўтказиш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Бу каби ўқув-семинарлар мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилмоқда.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
3 248






Все о погоде - Pogoda.uz