Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.10.2017 12:01 Чоп этиш версияси

Сектор ходимлари уйма-уй юриб аҳоли билан бевосита мулоқот ўтказмоқда

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Жиззах вилояти туман ва шаҳарларида ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ идораларининг ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилигида тузилган секторлар самарали фаолият кўрсатмоқда.

Ҳудудларни комплекс иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича секторлар ишини ташкил этиш Низоми ҳамда “Маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика” тамойили асосида фаолият юртаётган янги тизимга аҳолининг энг муҳим муаммо ва масалаларини ечиш юзасидан кенг ваколатлар берилиб, катта масъулият ва жавобгарлик юклатилган.

Ҳар бир туман ва шаҳар ихтисослашуви чуқур таҳлил қилинган ҳолда, вилоят ҳудуди тўрт секторга, худди шундай шаҳар ва туманлар ҳам тўрттадан секторга бўлинди. Ҳар бир сектор таркибида мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлар тузилди. Айни пайтда вилоятда тўртта, шаҳар ва туманларда эллик иккита сектор ва уларнинг таркибида 1 минг 142 нафар турли соҳа мутахассислари фаолият олиб бораётир.

Секторлар штаби аҳолининг келиб-кетишига қулай бўлган жойларда ташкил этилди. Туман ва шаҳарлардаги 52 штаб ҳудудлар марказидаги аҳоли масканларига жойлаштирилди. Штаблар компьютер жамламалари, алоқа воситалари ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ётоқхоналар ажратилиб, ходимларнинг куну тун навбатчилиги йўлга қўйилди.

Ҳар бир сектор штабида жойларда ўрганилаётган муаммолар, амалга оширилаётган ишлар умумлаштирилиб, аксариятига ечим топилмоқда, юқори идоралар билан боғлиқ масалалар тегишли идораларга тавсия этилмоқда.

Секторлар ҳудудини белгилаш, уларнинг штаблари фаолиятини йўлга қўйишда шаҳар ва туманлар аҳоли нуфуси, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш, географик, демографик хусусиятлари ҳисобга олингани янги тизимнинг самарали ишлаб кетишида муҳим омил бўлаётир.

Масалан, Ғаллаорол тумани ҳокими бошчилигидаги биринчи секторга 40 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган "Хонимқўрғон", "Мулкуш", "Мирзабулоқ", "Молтоб", "Ғўбдин" қишлоқ ва "Дўстлик", "Аламли" маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудлари киртилган. Сектор штаби Кетмончи қишлоғидаги собиқ “Болғали” қишлоқ врачлик пункти биносида ташкил этилган.

Штаб жойлашган бино пештоқига секторнинг тартиб рақами кўрсатилган пешлавҳа ўрнатилиб, бино атрофи тартибга келтирилди. Бинода сектор ходимлари ва мурожаат қилувчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Секторнинг маҳаллалар акс эттирилган харитаси, ходимларнинг уйма-уй юриш ва навбатчилик жадваллари ишлаб чиқилиб, тезкор маълумотлар, ахборот ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан кўчирмалар одамлар танишиши қулай жойларга учун осиб қўйилган.

Энг муҳими, сектор фаолият бошлаганидан буён кўп вақт ўтмасдан, давлатимиз томонидан ҳудудларни жадал иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш мақсадида ташкил этилган янги тизимнинг аҳоли турмуш фаравонлигини яхшилаш, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга таъсирини кўпчилик ҳис этмоқда. Шу боис штабга келувчилар ҳам, ўз муаммосини ҳал этаётганлар сони ҳам кўпаймоқда.

– Бундай тизим йўлга қўйилиши давлатимиз томонидан ҳар бир одамнинг манфаатини таъминлаш йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди, – дейди "Мирзабулоқ" қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ўрол Мамараҳимов. – Беш йилдан буён иш тополмай юрган эдим. Секторга мурожаатдан кейин муаммо бирданига ҳал бўлди. Туман йўл хўжалиги пудрат корхонасига ишга жойлашдим. Бундай эзгу ишлар учун Президентимиздан миннатдормиз.

Худди шундай миннатдорлик сўзларини сектор кўмагида Хонимқўрғон қишлоғидаги 36-умутаълим мактабига кутубхоначи бўлиб ишга кирган Эркин Абдуллаев, туман тиббиёт бирлашмасига ишга жойлашган Дўстлик маҳалласида яшовчи Гулчеҳра Эшмирзаевадан ҳам эшитиш мумкин.

Сектор фаолиятида нафақат мурожаат қилган фуқаролар муаммоларини ҳал қилмоқда, балки ҳудудни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришни жадаллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда сектор ходимлари уйма-уй юриб аҳоли билан бевосита мулоқот ўтказмоқда.

Бундай ишлар тумандаги бошқа секторлар томонидан ҳам олиб борилаётир. Бу жараёнда ногиронлар ва меҳнатга лаёқати чекланган фуқаролар аҳволи тўлиқ ўрганилиб, уларнинг эҳтиёжини қондириш борасида қилинаётган ишларни секторлар фаолиятининг дастлабки самараси, дейиш мумкин.

Ўзгалар кўмагигига мухтож фуқаролар эҳтиёжини ўрганиш натижаларига кўра, ҳозиргача 18 нафар II гуруҳ ногиронига тикув машинаси бепул берилиб, уларнинг қўшимча даромад топиши учун имконият яратилди. 13 оилага янгиланган лойиҳалар асосидаги арзон уй-жойлардан бериш, 5 фуқарога уй қуриш учун қурилиш материаллари билан кўмаклашиш кўзда тутилган.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини таъминлашга кўмаклашадиган тизим сифатида ташкил этилган секторлар фаолияти энди бошланмоқда. Дастлабки қилинган ишлар салмоғи катта бўлмаса-да, давлат бошқаруви идораларини қишлоқ ва маҳаллаларга, оилаларга, ҳар бир одамга янада яқинлаштириш мақсадида ташкил этилган янги тизим бу йўлда яна бир муҳим қадам бўлгани кўриниб турибди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
5 274






Все о погоде - Pogoda.uz