ЎзА Ўзбек

01.06.2018 12:37 Чоп этиш версияси

Сайёр суд: амалиёт ва самара

Андижон вилояти Бўз туманида жиноят, маъмурий ва фуқаролик ишлари бўйича ўтказилаётган сайёр суд мажлислари фуқароларни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга чақирмоқда.

Суд идоралари томонидан судлов жараёнида қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Бўз тумани судининг сайёр суд мажлисларида 34 жиноят иши кўриб чиқилди.

– Жиноят ҳеч қачон жазосиз қолмайди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Бўз тумани суди раиси Ҳусниддин Камолов. – Жорий йилнинг ўтган даврида суд томонидан 34 жиноят иши ҳамда 8 жазони ўташ муддатидан олдин шартли озод этиш ҳақидаги ишлар кўриб чиқилиб, тегишли тартибда ҳукмлар чиқарилди. Жиноят ишларининг асосий қисми сайёр судларда кўриб чиқилди.

Дўстлик маҳалласида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасидан ўтиш тартибларини бузган, вояга етмаган қизни алдов йўли билан Қирғизистон Республикасига олиб чиқиб, сотиб юборган ушбу маҳаллада яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Малика Рўзиматова, Қизлархон Рўзиматова ҳамда Маданият маҳалласида яшовчи Шоирахон Аҳмедованинг жиноий иши кўриб чиқилди.

Судланувчи М.Рўзиматова Қирғизистон Республикаси Жалолобод туманида яшовчи Д.Толибовга турмушга чиққан. Унинг ёнига синглиси Қизлархон яқин таниши Шоира билан чегарадан ўтиш қоидаларини мунтазам бузган ҳолда тез-тез бориб турган. Айнан ана шу турдаги жинояти учун Қ.Рўзиматова, Ш.Аҳмедова аввал ҳам судланган бўлиб, уларга жазо тайинланган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг амнистия актига асосан улар жазодан озод этилган. Минг афсуски, бу аёллар ҳукуматимиз томонидан билдирилган ишонч ва имкониятни суиистеъмол қилиб, ўзларига тегишли хулоса чиқармади.

Ўрганган одатларини давом эттириб, Қирғизистон Республикасига бориб қайтаётганларида, аниқроғи, чегарани айланма йўллар орқали бузиб ўтаётганларида чегарачилар томонидан қўлга олинган. Бундан ташқари, улар официантлик қиласан, дея алдов йўли билан бирга олиб кетишган маҳалладоши, вояга етмаган М.ни Қирғизистондаги танишларига фоҳишалик билан шуғулланиши учун қолдириб келган.

Суд ишни кўриб чиқиб, судланувчиларга нисбатан муносиб жазо тайинлади. Маҳалла аҳли эса маҳалладошларининг жирканч ишларидан огоҳ бўлди.

Бўз тумани маъмурий судининг Гузар маҳалласида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида эса тумандаги "Чашма" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мўминжон Комиловга нисбатан очилган маъмурий иш кўриб чиқилди.

М.Комилов тегишли гувоҳнома ва ваколатга эга бўлмаган ҳолда Гулистон маҳалласида яшовчи, никоҳ гувоҳномаси йўқ, яъни қонуний тарзда никоҳдан ўтмаган С. ва З. исмли фуқароларга шаръий никоҳ ўқиб, мамлакатимизда бу борада белгиланган тартибларни қўпол равишда бузган.

Суд содир этилган ҳуқуқбузарлик учун норасмий имомга нисбатан жазо тайинлади.

Бўз туманида ўтказилаётган сайёр суд мажлислари аҳолини ҳушёр ва огоҳ бўлишга даъват этмоқда. Қолаверса, мазкур жараёнда фуқароларнинг ҳуқуқий билими ва саводхонлигини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
5 185