ЎзА Ўзбек

02.04.2018 13:31 Чоп этиш версияси

Сайёр меҳнат ярмаркаларида мингга яқин фуқаро ишга йўлланма олди

Хоразм вилоятининг Урганч туманида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида сайёр меҳнат ярмаркалари ўтказилди.

Туманнинг Юқори дўрман, Ғойбу, Чандирқиёт ва Чоткўпир қишлоқларида ташкил этилган ярмаркалар қишлоқларда истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар, уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш, шу орқали аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ишсизларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш ҳам бандлик дастури ижросини таъминлаш борасидаги йўналишлардан биридир.

Сайёр меҳнат ярмаркаларида Урганч тумани ва Урганч шаҳридан 480 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассаса 2 мингдан зиёд бўш иш ўрни билан иштирок этди. Иштирокчилар иш берувчи субъектлар учун зарур бўлган мутахассислар, ишчиларга яратилган қулайликлар ҳақидаги маълумотлар билан танишди. Ярмаркаларда фермер хўжаликлари ҳам мавсумий ва доимий бўш иш ўринларини тақдим этди.

– Тўғриси, ушбу ярмарка ҳақида қўшниларимдан тасодифан эшитиб қолдим, – дейди Юқори дўрман қишлоғида яшовчи Роза Олимова. – Онам ҳам, мен ҳам ишсиз эдик. Бугун ярмаркада қишлоғимиздаги “Обод” фермер хўжалигига ишга йўлланма олдик. Энди онам иккимиз битта жойда ишлаймиз, бундан ҳаммамиз хурсандмиз.

Меҳнат ярмаркасида ўз тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига имтиёзли кредит олиш учун банк мутахассислари томонидан маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Туман бўйлаб ташкил этилган сайёр меҳнат ярмаркаларида мингга яқин фуқаро ишга йўлланма олди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
6 080