Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.10.2017 14:48 Чоп этиш версияси

Сайёр қабулларда муаммолар ўрганилиб, аксарияти жойида бартараф этилмоқда

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши томонидан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилаётган сайёр қабулларда муаммолар ўрганилиб, аксарияти жойида бартараф этилмоқда.

Косонсой туманининг Чиндовул, Ширинбулоқ, Чўнгбоши, Учқўрғон маҳаллаларида ўтказилган шундай тадбирларда партиянинг халқ депутатлари туман Кенгашидаги гуруҳи аъзолари, вилоят ва туман партия ташкилотлари масъул ходимлари томонидан аҳолини қийнаётган муаммолар ўрганилди. Кўплаб муаммолар мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида жойида ижобий ҳал этилди.

– Илгари туманимизга вилоят марказидан автобус қатнар эди, – дейди Чўнгбоши маҳалласида яшовчи Т.Мамашаев. – Бироқ кейинги пайтда автобуслар ҳаракати бизга номаълум сабабларга кўра тўхтатиб қўйилди. Бу кексалар, аёллар, айниқса, узоққа қатнаб ўқийдиган, ишлайдиган ёшлар, ишчи-хизматчилар учун муайян қийинчиликлар туғдирмоқда. Такси йўналишидаги айрим хусусий ҳайдовчилар эса йўлкирани ўзлари истаганча белгилаб олмоқда. Шу муаммо ҳал этилмаса, йўловчиларга қийин бўлади. Айниқса, қишда бу муаммо янада ўткирлашади.

Мазкур масала “8-Дадахонов” сайлов округидан халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган депутат, ЎзМТДП фаоли М.Холдоров, туман партия ташкилоти раиси А.Қаҳҳоровнинг ташаббуси билан қисқа фурсатда ижобий ҳал қилинди. Айни кунларда “Турон-95 М.Б.И” масъулияти чекланган жамияти автокорхонаси автобуслари Наманган – Косонсой йўналиши бўйлаб аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

– Юртимизнинг чекка ва бориш қийин бўлган жойлари аҳолисига транспорт хизмати тизимини яхшилаш, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари учун имтиёзли транспорт қатновини таъминлаш партиямиз сайловолди платформасида белгиланган вазифалардан биридир, – дейди партия вилоят кенгашининг матбуот котиби О.Дадабоев. – Бу борадаги ишлар вилоят миқёсида давом эттирилади.

"Учқўрғон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳ.Аҳмедов сайёр қабулда маҳалладошлари номидан сўзга чиқиб, эҳтиёжманд оилалардан айримлари суюлтирилган газ баллони олишда қийналаётганини таъкидлади. Мазкур масала юзасидан “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси Косонсой тумани филиали бошлиғига юборилган депуталик сўровидан сўнг шу ҳудудда истиқомат қилувчи кам таъминланган 7 хонадон соҳиблари суюлтирилган газ баллони билан таъминланди.

Чўнгбоши маҳалласида жойлашган 30-мактабгача таълим муассасаси мудираси Н.Исмоилова ўзи раҳбарлик қилаётган болалар боғчасида тоза ичимлик суви муаммосини кўтарди. Мавжуд насос 200 метр ер қаъридан ичимлик сувини тортишга мўлжалланган ва бунинг учун электр энергияси узлуксиз етказиб берилиши тақозо этилади. Қолаверса, унга электр ҳисоблагич ҳам ўрнатиш керак. Мазкур масалага ижобий ечим топиш мақсадида юқори ташкилотлар раҳбарларига депутатлик сўрови жўнатилди.

Тадбирда фуқаролар томонидан тушган мурожаатлар асосида вилоят ва республика даражасида кўриб чиқиш талаб этиладиган айрим масалалар юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

ЎзМТДП Наманган вилояти ҳудудий партия ташкилотлари томонидан шаҳар ва туманлар, олис ва чекка қишлоқларда ўтказилаётган сайёр қабуллар муаммоларга ечим топиш билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
2 617






Все о погоде - Pogoda.uz