Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.08.2017 15:42 Чоп этиш версияси

Сайёр қабулларда мурожаатларга ечим топилмоқда

Халқ билан мулоқотнинг таъсирчан ва самарали усули – сайёр қабуллар одамларни қийнаётган муаммоларга жойида ечим топиш, мавжуд камчилик ва нуқсонларни бартараф этишда юксак самаралар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари томонидан Жиззах вилояти Зомин туманидаги “Сайқал” оромгоҳида ўтказилган сайёр қабулда бу фикр яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Зомин, Зарбдор, Янгиобод туманларидан фуқаролар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган сайёр қабул Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мурожаатларнинг кўпчилиги уй-жой, моддий ёрдам, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, болалар нафақаси, ички йўлларни таъмирлаш, суғориш шохобчаларини созлаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, кредит олиш масалаларига оид бўлди. Мурожаатларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди.

Янгиобод туманидан Дилфуза Раҳмонбердиеванинг буйрак етишмовчилиги сабабли жарроҳлик операцияси учун маблағ сўраб қилган мурожаати қабул давомида ҳал этилди. Унга Президентимиз томонидан муҳтож кишиларда жарроҳлик амалиётини ўташга кўмаклашиш учун ажратилган маблағ ҳисобидан 30 миллион сўм бериладиган бўлди.

Зарбдор тумани Оқбулоқ маҳалласида яшовчи Гуласал Эшонқулованинг газдан асоссиз қарздорлик ҳисоблангани юзасидан қилган мурожаатига республика ва вилоят газ идоралари раҳбарларининг аралашуви билан ечим топилди.

Даштобод шаҳридан Шаҳноза Чўлиева касал ўғлини даволатишга Беруний номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раҳбарлари ёрдам бермаётганидан шикоят қилди. Сайёр қабулда онанинг мурожаатини ҳал этиш бўйича “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва туман бўлинмасига аниқ вазифалар топширилди.

– Сайёр қабулга 2013 йилда фойдаланишга топширилган намунавий лойиҳадаги уйим билан боғлиқ муаммо бўйича мурожаат қилдим, – дейди зоминлик 73 ёшли Уммат бобо Қаршибоев. – Мурожаатим ўрганилиб, муаммони ҳал этиш бўйича “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси Жиззах вилояти филиали директорига аниқ топшириқ берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ташкил этилгани, мана бундай сайёр қабуллар йўлга қўйилгани айни одамлар кўнглидаги гап бўлди. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрликдан беҳад мамнунмиз.

Сайёр қабул давомида 60 дан зиёд фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилиб, аксарияти жойида ҳал этилди. Ечими маълум вақт талаб этадиган мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотларга кўрсатмалар берилди, ижроси назоратга олинди.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими У.Узоқов сўзга чиқди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
2 934






Все о погоде - Pogoda.uz