Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.04.2017 19:06 Чоп этиш версияси

Сайёр қабул: фуқаролар мурожаати доимий эътиборда

– Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилишдан аввал кўп ўйладим, давлатимиз раҳбарини ўзимга, оиламизга тегишли бўлган муаммо билан безовта қилгим келмади, – дейди Қибрай тумани Дўрмон маҳалласида яшовчи Шарофат Ражабова. – Бу ишимдан андиша ҳам қилдим. Бир неча йилдан буён тегишли идораларга ўзимиз яшаб келаётган уйнинг ҳужжатларидаги камчиликларни тўғрилаш бўйича маслаҳат сўраб, ариза бериб, ечимини тополмаётган муаммомиз икки ҳафтада ҳал бўлди.

Залнинг олдинги сафларидан туриб гапираётган Шарофат Ражабова унда-бунда «Зўр!», «Иш бундай бўлибди» деганча чапак чалиб юборганларга елкаси оша ўгрилиб қараб олар экан:

– Бугун ҳамма ҳужжатларни тайёрлаб... – бир жилмайиб, бир энтикиб давом этади у. – Бугун... мана, кадастр ҳужжатларини уйимга олиб келиб беришди. Ҳаммангизнинг олдингизда оиламиз номидан Президентимизга раҳмат айтаман...

Унинг охирги сўзлари гулдурос олқишларга йўғрилиб кетди.

Чирчиқ шаҳридаги Кимёгарлар маданият саройида 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари томонидан ташкил этилган сайёр қабулда бу каби ҳолатлар кўп кузатилди.

Сайёр қабулда Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ва Қибрай тумани аҳолиси томонидан Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига йўлланган мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Марказий банк, Бош прокуратура, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа, Молия, Меҳнат, Адлия вазирликлари, давлат қўмиталари раҳбарлари, Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳри ва Қибрай тумани ҳокимликлари масъул ходимлари, фуқаролар иштирок этган очиқ мулоқотда жисмоний ва юридик шахслардан тушаётган мурожаатлар давлатимиз раҳбарининг шахсан назоратида экани, бундай сайёр қабуллар фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилиш борасидаги ҳуқуқини таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларни қонун асосида самарали ҳал этишда таъсирчан воситага айланаётгани таъкидланди.

Жойларда ўтказилаётган очиқ мулоқотларда фуқаролар халқ билан мулоқот қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича йўлга қўйилган янги тизимдан мамнун эканликлари, бу уларнинг турли йўналишлардаги муаммолари қонун доирасида тез ҳал бўлишига хизмат қилаётганини таъкидламоқда. Мурожаатларни ўрганиш, таҳлил қилиш натижалари асосида қайси ҳудудда қандай соҳаларда камчиликлар борлиги, қайси давлат идораси мутасаддилари фаолиятида сусткашликка йўл қўйилаётганини аниқлаш мумкин. Ҳудуд фуқаролари кўпроқ уй-жой, моддий ёрдам, иш ҳақи ва пенсия, меҳнат ва бандлик, иссиқлик, электр энергияси ва табиий газ таъминоти, фуқаролик, паспорт ва прописка, суд, банк-молия, ободонлаштириш, соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт ва йўловчи ташиш, ичимлик суви каби масалалар бўйича мурожаат қилган.

Жорий йилнинг 9 апрелига қадар Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига Чирчиқ шаҳри аҳолисидан 8 минг 400 дан ортиқ мурожаат тушган бўлиб, уларнинг қирийб 94 фоизи кўриб чиқилган, қолганлари кўриб чиқилиш жараёнида. Қибрай тумани аҳолиси томонидан қилинган 8 минг 247 мурожаатнинг 7 минг 800 дан ортиғи кўриб чиқилган. Қолган мурожаатлар ўрганилмоқда.

– Бундай очиқ мулоқот ўз ишимизга танқидий ёндашиб, халқ билан янада яқин бўлишга, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш асносида ҳудуднинг ҳар томонлама ривожланишида яна нималарга аҳамият бериш лозимлиги ҳақида дастур вазифасини бажармоқда, – дейди Қибрай тумани ҳокими Н.Муҳамедов. – Туман ҳокимлиги доирасида ҳал қилинадиган муаммолар Президентимизнинг Виртуал қабулхонасигача етиб борганидан хулоса чиқарган ҳолда, ўзимиз – қуйи бўғин мутасаддилари иштирокида маҳаллаларда, чекка қишлоқларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар сонини кўпайтирамиз.

Сайёр қабулда ҳар бир соҳа доирасидаги муаммолар муҳокамаси, фуқаролар ва тегишли соҳа мутасадди вакиллари учун юзма-юз мулоқотлар ўтказиш мақсадида алоҳида хоналар ташкил этилди. Бу мулоқотнинг янада самарали ташкил этилиши, аксарият муаммонинг жойида ҳал қилинишига хизмат қилаётир.

Қибрай тумани «Оққавоқ» қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси номидан мурожаат қилган Айгул Тўрақулова 1 минг 500 дан ортиқ аҳоли яшаётган ҳудудда газ, ичимлик суви, электр энергияси билан боғлиқ муаммолар ҳал қилиб берилишини сўради.

– Бугун қишлоғимизда сув қувурларини алмаштириш, насос ўрнатиш ишлари бошланди, – дейди А.Тўрақулова. – Кўп идораларга юборган аризалари жавобсиз қолган қишлоқ аҳли бу янгиликдан жуда хурсанд. Мурожаатимизда кўрсатилган муаммоларимизнинг барчаси ҳал бўлишига ишонамиз.

Мурожаатлар таҳлил қилинганда, уларнинг аксарияти бир неча йўналишлар, мутасадди идоралар ҳамкорлигида ҳал қилиниши лозимлиги ойдинлашади. Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи Севарой Тожибоеванинг мурожаати ҳам соғлиқни сақлаш ва банк ходимлари кўмагида ҳал бўлди.

– Фарзандимнинг касаллигини ҳиндистонлик мутахассислар даволайдиган бўлди, – дейди С.Тожибоева. – Даволаниш учун кетадиган маблағни хорижий валютага айлантириб олиш учун Миллий банкнинг Оққўрғон тумани бўлими амалий ёрдам бермоқда. Муаммомиз бугуноқ ҳал бўлганидан хурсандмиз.

Сайёр қабул туман ва шаҳар ҳокимликлари мутасаддилари зиммасидаги масъулиятни янада ошириб, мурожаатлар асосида қайси соҳаларда ечимини кутаётган муаммолар борлигини кўрсатмоқда. Бу келгусидаги ишларни самарали ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга.

Икром Аввалбоев, ЎзА
4 420






Все о погоде - Pogoda.uz