ЎзА Ўзбек

07.11.2019 Чоп этиш версияси

Сайловларда ёшлар иштирокини таъминлаш долзарб вазифа

Сайловларда ёшлар иштирокини таъминлаш долзарб вазифа

Сайлов – 2019 

Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказида сайловда ёшларнинг иштироки ва сайлов жараёнларини ёритишда ОАВнинг ўрнига бағишланган тадбир ўтказилди.

"Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” доирасидаги тадбирда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессор-ўқитувчилари, Марказий сайлов комиссияси масъуллари, талабалар ва журналистлар иштирок этди.

Тадбирда Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот маркази раҳбари Жалолиддин Усмонов, Халқаро пресс-клуб бош продюссери Ғуломжон Самадов ва бошқалар талабаларга сайлов қонунчилиги, уни ўтказиш тартиби, сайлов жараёнларида ёшларнинг иштироки, сайловолди жараёнларини ёритишда тарғибот кампаниясининг аҳамияти бўйича атрофлича маълумот берди.

Жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларнинг аҳамияти, ўтган сайловлардан фарқли жиҳати, янги Сайлов кодексининг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, бу йилги сайловлар янгича руҳда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Сайловчиларнинг 55,2 фоизи, яъни 11 миллион 371 мингдан зиёдини 30 ёшгача бўлган йигит-қиз, шу жумладан, 2 миллионга яқинини сайловда биринчи марта иштирок этувчилар ташкил этади. Ҳар бир сайловчи, шу жумладан, ёшлар ўз келажагини юрт тақдири билан боғлар экан, сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, сиёсий партиялар сайловга тайёргарлик кўриш жараёнида бир қатор акциялар, тадбир ва учрашувлар орқали муҳим сиёсий жараёнда йигит-қизлар фаоллигини оширишга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олган.

Тадбирда ёшларнинг сайлов қонунчилиги, сайлов жараёнлари, депутатликка номзодини илгари суриш бўйича билим ва кўникмалари, сайлов жараёнларида бевосита иштироки ва фаоллигини ошириш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинди.

742
Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА