ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Сайлов кодексидаги янгиликлардан хабардормисиз?

Сайлов кодексидаги янгиликлардан хабардормисиз?

Бу йилги сайловларнинг ўзига хос жиҳати нимада? Сайлов кодекси қабул қилинишининг сабаблари ва сайловга оид қонунчиликдаги янгиликлардан хабардорлик даражаси қандай?

Фарғонада халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси аъзолари иштирокида бўлиб ўтган “Сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари“ мавзусидаги семинар-тренингда ана шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Айни кунларда мамлакатимизда 2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Олдинги сайловлардан тубдан фарқ қиладиган ушбу муҳим жараён – “Янги Ўзбекистон: Янги сайловлар“ шиори остида ўтказилади.

Энг илғор халқаро стандартлар асосида, қисқа фурсат ичида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Мазкур Кодекс Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларни белгилайди.

photo5258073404316167364.jpg

– Янги Сайлов кодекси икки қисм, 18 боб, 103 моддадан иборат бўлиб, илгари сайлов қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган мутлақо янги тартиб ва қоидалар билан янада такомиллаштирилди, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўқитувчиси, доцент Муборакхон Ғаниева. – Хусусан, Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат вакиллари учун квота ажратиш институти бекор қилинди. Сайловчилар ягона электрон рўйхатини юритиш тартиби қонунан тартибга солинади. Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Биз жойларда ташкил этилаётган семинарларда сайлов қонунчилигидаги ана шу каби ўзгаришлар ва янгиликларни, сайловнинг мазмун-моҳиятини интерфаол усулларда тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз.

Кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайловчиларнинг ягона электрон базаси дастурининг ишлаш тартиби, сайловчилар билан мулоқот маданияти ва бошқа кўплаб мавзулар борасида фикр-мулоҳазалар алмашилди. Семинар-тренинг давомида сайлов комиссиясининг асосий вазифалари, миллий сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

5 082
М.СУЛАЙМОНОВ, М.ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА