ЎзА Ўзбек

06.09.2018 17:27 Чоп этиш версияси

Саудияликлар шартларни қабул қилса, Тошкент шаҳрида меҳмонхона қуради

Саудияликлар шартларни қабул қилса, Тошкент шаҳрида меҳмонхона қуради
Тошкент халқаро аэропортига туташган 1,5 га ҳудудда Саудия Арабистонининг “Silk Valley commercial services LTD” инвестори томонидан 4 юлдузли меҳмонхона, резиденц-отель, бизнес маркази, савдо, фитнес ва енгил турдаги қаҳвахоналар қуриш бўйича лойиҳа таклиф этилди.
Ушбу лойиҳа таклифи бугун Тошкент шаҳар ҳокимиятида ўтган “очиқ эшиклар куни” тадбирида муҳокама қилинди. 

Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Жаҳонгир Ортиқхўжаев инвесторга Тошкент шаҳар, Сергели тумани Бобур кўчаси, Ислом Каримов номидаги Тошкент Халқаро аэропортига туташ ҳудуддан 1,5 га ер ажратилиши учун инвестор мазкур туманда 380 ўринлик болалар боғчаси қуриб бериши кераклиги ва Ўзбекистонда ҳисоб-рақам очиб, унга 1 млн. АҚШ доллари миқдорида пул маблағи қўйиши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун инвесторлар томонидан ажратилаётган маблағ бироз камлигини айтиб ўтди ҳамда лойиҳа доирасида мазкур ҳудудда автомобиллар учун кўп қаватли тураргоҳ қурилиши ҳам кўзда тутилиши кераклиги айтилди. 

Ж. Ортиқхўжаевнинг сўзларига кўра, мазкур ҳудудда меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларини қуриш лойиҳаси аввалига конкурс асосида маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам таклиф этилади. Талабгорлар махсус комиссия томонидан ўрганилиб чиқилгач, ер ҳудуди инвестор ёки маҳаллий тадбиркорлар учун ажратиб берилади. 
“Тошкентнинг марказий ва даромадли бизнес қилиш имконияти бор ҳудудларини барча чет эллик инвесторларга бериб юбориш ҳам ўринли эмас. Биз аввал мазкур жойларга ўзимиздаги маҳаллий тадбиркорларда ҳам талаб бор-йўқлигини ўрганишимиз лозим. Уларга ҳам имконият берилиши шарт”, дейди Тошкент шаҳар ҳокими в.б.

ЎзА
5 570