Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

30.08.2017 18:46 Чоп этиш версияси

Саудия Арабистонида яшаётган ватандошимиз Ўзбекистон ҳақидаги ўз таассуротларини сўзлаб берди

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида байрам руҳи кезмоқда. Юртдошларимиз Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигини шоду хуррамлик билан нишонламоқда. Ушбу қутлуғ кунларда юртимизга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар ҳам тинч-осойишта Ўзбекистонда эришилаётган ўзгаришларни эътироф этмоқда.

ЎзА мухбири Саудия арабистонилик Юсуф Муҳаммад Яқуб Аъзам Қўқандийнинг таассуротларини ёзиб олди:

– Боболарим Ўзбекистонда туғилиб ўсган. Шу боис ҳар гал Ўзбекистонга келганимда боболарим улғайган тупроқни тавоф этаман, бу отамаконга жаннатмонанд юрт деган таъриф бежиз берилмаганига имон келтираман. Болалигимиздан Ўзбекистонни бир бор кўриш, гўзал шаҳар ва қишлоқларида бўлиш, нонини татиб, сувидан ичиш орзуси билан яшадик. Бу орзуимизга фақат Ўзбекистон мустақил бўлгандан сўнггина эришдик. Бугун хорижда яшаётган ватандошларимиз ўзбек халқининг амалга ошираётган ишларидан, Ўзбекистоннинг барча соҳада эришаётган ютуқларидан мамнунликларини изҳор этади.

Ўзбекистонга ҳар галги саёҳатимиз бизга улкан руҳий қувват, ҳаловат бахш этади. Бу гал ҳам шундай бўлди. Ўзбекистонда буткул янгича ҳаётни, шаҳар ва қишлоқлар аввалгидан-да обод, жадал тараққий этиб, кўркам қиёфага кириб бораётганини кўрдик. Тошкент шаҳридаги Халқаро анжуманлар саройи, Маърифат маркази, Хастимом мажмуаси, Мустақиллик майдони, маҳобатли кўприклар, равон йўллар, довон ошган пўлат излар – буларнинг бари ўзбек халқининг фидокорона меҳнати, истиқлол йилларида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатни барқарор ривожлантириш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар самарасидир.

Азим Тошкентда, қолаверса, мамлакатнинг барча вилоятларида бўлаётган бугунги ўзгаришлар ҳам ана шу суръатга ҳамоҳанг. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳалар изчил ривожлантирилаётир. Стратегия халқингиз ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олгани, мамлакатни келгусида барқарор ривожлантириш бўйича мукаммал асосга эга экани билан бутун дунё жамоатчилиги томонидан юксак эътироф этилаётир.

Биз ҳам юртингизда тадбиркорликка яратилган имкониятлардан фойдаланиб, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига инвестиция киритиш ниятидамиз. Ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – Саудия Арабистони” савдо уйини очиш мақсадида иш олиб бораяпмиз. Ушбу савдо уйи мева-сабзавотларни илғор технологиялар асосида қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш бўйича фаолият юритади.

Ўзбекистон – улуғ алломалар, муҳаддислар юрти. Истиқлолнинг дастлабки йилларида Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Ал-Мотуридий каби буюк аждодларимиз номини абадийлаштириш, илмий меросини тадқиқ қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилганига гувоҳмиз. Бугун ҳам Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тарихни, маданиятни, олиму уламоларнинг бебаҳо меросини ўрганиш йўлидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилаётгани таҳсинга лойиқ. Мисол учун, ҳадисшунос аллома Исо Термизийнинг Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги зиёратгоҳи обод қилиниб, бу ерда илмий марказ барпо этилди, мотуридия таълимотининг йирик вакили Абу Муин Насафий меросини тадқиқ қилиш сари қадамлар ташланди. Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Самарқанд вилоятида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар марказини барпо этишга қарор қилиниши “Жаҳолатга қарши – маърифат” деган ҳаётий қараш амалда рўёбга чиқарилаётганининг ифодасидир.

Бу йил Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги муборак Қурбон ҳайити байрами билан бир кунда нишонланмоқда. Бунда ҳам катта ҳикмат мужассам. Маънавиятни улуғлаш, буюк мутафаккирлар меросини тарғиб этиш борасидаги улуғвор ишлар ҳар бир қалбда шукроналик туйғусини жўш урдиради. Ўзбекистон дунёдаги энг ривожланган мамлакатлардан бирига айлансин, халқингиз ҳаётидан рози ва мамнун бўлиб яшайверсин.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
2 536






Все о погоде - Pogoda.uz