ЎзА Ўзбек

12.09.2018 16:24 Чоп этиш версияси

Сарсон бўлаётган фермер ёки туман судининг қарорини Норин туман ҳокимлиги нега бажармаяпти?

Сарсон бўлаётган фермер ёки туман судининг қарорини Норин туман ҳокимлиги нега бажармаяпти?

Марказий газета саҳифаларида

Биринчи теримнинг ўзидаёқ режани 79,6 фоизга етказган фермер ўз даласидан мажбурий тарзда ҳайдалади…

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар деҳқоннинг ерга муносабатини ўзгартириб, мулкка эгалик туйғусини мустаҳкамламоқда. Фермерлик ҳаракатини етакчи кучга, юртимиз ободлиги, аҳоли фаровонлиги ва оилалар маъмурчилигини таъминлайдиган барқарор тармоққа айлантирмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа ривожини янги босқичда давом эттиришга хизмат қилмоқда.

Албатта, аграр тармоқда мулкка, ерга янгича муносабатни шакллантириш, экин майдонларидан унумли фойдаланишнинг самарали тизимини яратиш, қишлоқ хўжалигини сердаромад соҳага, фермерлик ҳаракатини етакчи кучга айлантириш ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Буларнинг барчаси босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар, ер эгаларига кўрсатилаётган эътибор, қатъият ва мақсад сари интилишнинг амалдаги самарасидир.

Норин тумани Марғизор қишлоғи Тошқин маҳалласида яшовчи Ҳотамбой Тўйчиев ҳам бу имконият ва ғамхўрликлардан оқилона фойдаланиш, фермерлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида 2015 йил декабрь ойида туман ҳокимлигига мурожаат қилади. Унга ўша пайтдаги туман ҳокими (Аъзамжон Султонов)нинг қарорига асосан, Марғизор қишлоғи “Оқ олтин” даҳаси ҳудудидаги туман захира ер майдонлари ҳисобидан 30,10 гектар ер майдони фермер хўжалиги ташкил этиш учун берилди. Туман ҳокими билан ердан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи узоқ муддатли ер ижара шартномаси тузилди.

Шундай қилиб, мўлжалдаги ҳосилни етиштириш учун тайёргарлик ишлари бошланади. Яъни, пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган “Норин Адҳамжон замини” фермер хўжалиги аъзолари дастлаб ўзига ажратилган ер майдонини жами 24 тиркама ҳажмдаги ўт ва ажириқдан тозалаб чиқади. 2016 йилги мавсумнинг эрта баҳорида пахтага мўлжалланган 12,9 гектар майдонга чигит, ғалла учун режалаштирилган 16,3 гектар майдонга ғалла уруғи қадалади. Ўша йили давлатга ғалла сотиш режаси ортиғи билан, яъни 120 фоизга бажарилди, пахта топшириш режаси эса 81,6 фоизни ташкил этди.

2017 йили эса 10 гектар ерда ғалла, 18,2 гектарида эса пахта етиштирилди. Бу сафар ҳам ғалла режаси зиёди билан, яъни 120 фоизга бажарилди. Пахта йиғим-терими мавсумида аввалги йилдаги хатони такрорламасликка аҳд қилган фермер хўжалиги аъзоларининг саъй-ҳаракатлари ярим йўлда “тўхтатиб” қўйилади. Биринчи теримнинг ўзидаёқ режани 79,6 фоизга етказган фермер ўз даласидан мажбурий тарзда ҳайдалади…

Таҳририятимизга мазкур муаммо юзасидан мурожаат қилган “Норин Адҳамжон замини” фермер хўжалиги раҳбари Ҳотамбой Тўйчиев бу ҳақда шундай ҳикоя қилади:

— Хўжалигимизга ажратилган ер майдони бонитети жуда паст бўлиб, бу кўрсаткич 60 баллни ташкил этади. Ҳосил унумдорлиги эса 24 центнерга тўғри келади. Бироқ туман ҳокимлиги бизга режа мажбуриятини 32 центнер этиб белгилади. Шунга қарамай, оиламиз фаровонлигини таъминлаш билан бирга, бир қанча қишлоқдошларимизни доимий иш билан банд қилишдан хурсандлигимиздан астойдил меҳнат қилдик. Таассуфки, фермер хўжалигимиз 2016 йили давлатга пахта сотиш борасидаги мажбуриятини бажара олмади. Бу хатони кейинги йили бартараф этиш учун астойдил ҳаракат қилаётгандик. Мавсум олдидан юзага келган молиявий қийинчилик туфайли ора-орада ёлланма ишчи сифатида ишлаб юрдим. Худди шу оралиқда хўжалигимиз ер майдони туман ҳокимлиги томонидан қонунга хилоф тарзда тортиб олинган. Яъни, фермер хўжалиги иш юритувчиси бўлган укам Адҳамжон Тўйчиевга туман ҳокимлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан босим ўтказилади. Ундан менинг номимдан туман ҳокимига “фойдаланиб келаётган еримизни ўз ихтиёрим билан фермер хўжалиги тасарруфидан чиқаришингизни сўрайман”, деган мазмунда ариза ёздириб олинади…

Шу тариқа, 2017 йил октябрь ойида туман ҳокимлигининг тазйиқи остида “Норин Адҳамжон замини” фермер хўжалиги ўз еридан ҳеч қандай ҳуқуқий асоссиз маҳрум этилади. Бу ердан кейинчалик туман ҳокими Дилмурод Қодировнинг оғзаки топшириғига кўра, “Оқ олтин” муқобил машина трактор парки (ММТП) раҳбари Улуғбек Абдуллаев фойдаланиб келган.

Шу ўринда савол туғилади. Нега? Қайси ҳужжат ва қонунлар асосида у бундай ҳуқуққа эга бўлди?

Муаммо юзасидан фермер хўжалиги раҳбари Ҳотамбой Тўйчиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат этади.

Мурожаатни Наманган вилояти прокуратураси атрофлича ўрганиб чиқади. 2017 йил 18 ноябрь куни фуқаро Ҳотамбой Тўйчиевга вилоят прокурорининг ўринбосари, адлия кичик маслаҳатчиси Б. Худойбердиев имзоси билан йўлланган хатда, жумладан, шундай дейилган: “Хўжалик ҳозирда ҳам фаолият кўрсатиб, унга қарашли бўлган ер майдонини ҳокимлик захирасига қайтариш ва У.Абдуллаев ёки бошқа шахсларга ажратиб бериш юзасидан туман ҳокимлиги қарори қабул қилинмаган ҳамда ММТП раиси У.Абдуллаев туман ҳокимининг оғзаки топшириғига асосан фермер хўжалигингиз ер майдонига 2018 йил ҳосили учун ғалла уруғи экилиши ва минерал ўғитлар солинишини ташкиллаштирган. Ўрганиш давомида У.Абдуллаевга фермер хўжалигингизга қарашли ер майдонидан ўзбошимчалик билан фойдаланмаслик юзасидан тушунтириш берилди”.

Шундан сўнг Ҳотамбой Тўйчиев муаммо юзасидан ижобий натижага эришиш илинжида Норин тумани прокуратурасига ариза билан мурожаат этади. Туман прокурори, адлия маслаҳатчиси Б. Юлдашев имзоси билан 2017 йил 21 декабрда йўлланган жавоб хатида ҳам вилоят прокуратурасидан келган номада битилган фикрлар баён этилган.

Қизиғи шундаки, вилоят ва туман прокуратураларининг огоҳлантиришига қарамай, фермер фойдаланиб келган ер майдонидан маҳрум этилади. Бирин-кетин қарорлар чиқади — оддий тилда айт­ганда, “ҳужжатлар расмийлаштирилади”. 2018 йил 10 январда туман ҳокимининг “Оқ олтин” даҳаси ҳудудидаги “Норинлик Адҳамжон замини” фермер хўжалигига ажратилган ер майдонини туман ҳокимлиги захира ер фондига қайтариш тўғрисида”ги 51-сонли қарори чиқади.

“Норинлик Адҳамжон замини” фермер хўжалиги раҳбари Х. Тўйчиевнинг ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида туман ҳокими номига ёзган аризасини кўриб чиқиб,” деган важ асосида қабул қилинган (ваҳоланки, ушбу ариза фермер хўжалиги раҳбари Ҳотамбой Тўйчиевдан эмас, балки унинг укаси Адҳамжон Тўйчиевдан мажбурий тарзда ёздириб олинган, бунга мурожаатни ўрганиш чоғида туман ҳокими Дилмурод Қодиров ҳам иқрор бўлди — муаллиф) ушбу қарорга асосан фермер хўжалиги билан туман ҳокимлиги ўртасида 2015 йил 23 декабрь куни 49 йил муддатга тузилган ер ижара шартномаси бекор қилинади.

Ушбу ер майдони Норин тумани ҳокимининг 2018 йил 18 январдаги 99-сонли қарорига кўра, “Марғизор” қишлоқ фуқаролар йиғинининг собиқ раиси, айни пайтда “Оқ олтин” ММТП раҳбари Улуғбек Абдуллаевнинг қизи Дилафрўз Абдувалиева номида ташкил этилган “Умид ниҳол” фермер хўжалигига узоқ муддатли ер ижара шартномасига асосан ажратиб берилади.

Ер майдонидан айрилган Ҳ. Тўйчиев Наманган вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгашидан нажот излайди. Кенгаш фермернинг мурожаатидан келиб чиққан ҳолда Учқўрғон тумани маъмурий судига Норин тумани ҳокимлигига нисбатан “Норин тумани ҳокимининг 2018 йил 10 январдаги 51-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида” шикоят аризаси киритади. Мазкур масала Норин туманида ўтказилган очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, қуйидаги хулосага келинган:

“Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддаси, 6-қисмида, ер участкаси ижарасининг шартлари ва муддатлари тарафларнинг келишувига биноан белгиланади ва шартномада мустаҳкамлаб қўйилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ижарага 50 йилгача бўлган, бироқ 30 йилдан кам бўлмаган муддатга берилиши мумкинлиги, ушбу модданинг 9-қисмида эса, ер участкаларни ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиниши асослари кўрсатилган бўлиб, “Норинлик Адҳамжон замини” фермер хўжалиги томонидан ушбу қонун нормасининг бирор-бир банди бузилмаганлиги аниқланди.

Судда аниқланган ҳолатларга кўра, фермер хўжалиги билан тузилган узоқ муддатли ижара шартномасини бекор қилиш ва ерни захира фондига қайтариш ҳақидаги ариза “Норинлик Адҳамжон замини” фермер хўжалиги раҳбари номидан унинг укаси Адҳамжон Тўйчиев томонидан ёзилган бўлиб, бундан фермер хўжалиги раҳбари Ҳотамбой Тўйчиев хабардор бўлмаган. Ушбу ҳолатда, туман ҳокимининг 2018 йил 10 январдаги 51-сонли қарорини асосли, деб бўлмайди”.

Учқўрғон тумани судининг 2018 йил 27 мартдаги ҳал қилув қарорига асосан, Наманган вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгашининг “Норин тумани ҳокимининг 2018 йил 10 январдаги 51-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида”ги шикоят аризаси қаноатлантирилди. Яъни Норин туман ҳокимининг 2018 йил 10 январдаги 51-сонли қарори ҳақиқий эмас, деб топилди. Суд раиси О. Зиявитдинов имзоси билан 2018 йил 15 май куни туман ҳокимлигига суднинг ҳал қилув қарорини ижро этиш учун хат юборилди.

Бундан норози бўлган Норин тумани ҳокимлиги Наманган вилояти маъмурий судига Учқўрғон тумани маъмурий судининг 2018 йил 27 мартдаги ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция шикоятини киритди. 2018 йил 3 май куни вилоят маъмурий судининг апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида ушбу масала кўриб чиқилди.

Апелляция шикоятида фермер хўжалиги раҳбари расман Ҳотамбой Тўйчиев бўлса-да, лекин у хўжаликни мутлақо юритмаганлиги, фермер хўжалиги амалда унинг укаси Адҳамжон Тўйчиев томонидан бошқарилгани, шу сабабли ариза ундан олинганлиги, ер майдонининг туман ер захирасига олинишига хўжалик 2016-2017 йилларда пахта хом ашёсини етиштириш контрактация шартномасини бажармаганлиги, ерга хўжасизларча, бепарво муносабатда бўлганлиги сабаб сифатида кўрсатилиб, суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралган.

Шу ўринда такрор бўлса-да яна таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддасига кўра, ер участкаларини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилади. Бу меъёр Норин тумани ҳокимлиги ва “Норинлик Адҳамжон замини” фермер хўжалиги ўртасида 2015 йил 22 декабрдаги 1406-сонли “Ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси”нинг 16-бандида ҳам белгиланган.

Биринчи инстанция суди тарафлар ўртасидаги шартнома шартлари ва юқоридаги қонун талабидан келиб чиқиб, туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида қонуний тўхтамга келган. Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси “Учқўрғон тумани маъмурий судининг 2018 йил 27 мартдаги мазкур иш юзасидан чиқарган ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилсин”, деган мазмунда қарор қабул қилди.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида Норин тумани маркази — Ҳаққулобод шаҳрида бўлиб, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши раиси Шуҳрат Азизов, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими раҳбари Отабек Маҳкамов билан суҳбатлашдик. Улар фермер Ҳотамбой Тўйчиевга ажратиб берилган ер майдонини олиб қўйиш адолат мезонларига мутлақо тўғри келмайди, деган фикрда. Бироқ туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими бош­лиғи Соибжон Камолов билан мулоқот жараёнида фермердан ер давлатга пахта сотиш режаси бажарилмаганлиги, масъулиятсизлиги яъни фермер хўжалиги раҳбари вақтинча ишлаш учун қўшни республикага кетганлиги боис олиб қўйилган, деган фикрни билдирди.

— “Норинлик Адҳамжон замини” фермер хўжалигига ажратилган ер майдонини олиб қўйилганининг бир нечта сабаби бор, — дейди Норин тумани ҳокими Дилмурод Қодиров. — Энг аввало, фермер хўжалигига раҳбар бўлган Ҳотамбой Тўйчиев ўзига юклатилган бурч ва мажбуриятини тўлақонли бажара олмади. Далада иш қизғин кечаётган пайтда ёлланма ишга кетиб қолган. Видео­селектор ва мажлисларда қатнашмаган. Давлатга пахта сотиш режаси бажарилмаган. Гапнинг индаллоси, фермерга у ерни қайтариб беролмаймиз, аммо уни хафа ҳам қилмаймиз. Унга туман ер захирасига олинган, яшаш ҳудудига яқин жойдан ғалла ва пахтачилик учун 29 гектар ер майдони ажратиб берилади.

Фермер Ҳотамбой Тўйчиев эса туман ҳокимлиги ажратиб бериши мумкин бўлган бошқа ер майдонини олишни истамаяпти. Унинг айтишича, аввалги ер майдонига кўп меҳнати сингган, яроқсиз ҳолга келиб қолганда бегона ўтлардан тозалаган. Мабодо унга бошқа ер ажратиладиган бўлса, яна ҳаммаси бошидан бошланиши — анчайин куч ва меҳнат талаб этилиши аниқ, дейди у.

“Норинлик Адҳамжон замини” фермер хўжалигининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиб келаётган Наманган вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши юристи Азизбек Аълохўжаев мазкур масала юзасидан шундай деди:

— “Норинлик Адҳамжон замини” фермер хўжалигига ажратиб берилган ер майдони аввал бошда ташландиқ ва ажириққа тўла бўлган. Ҳотамбой Тўйчиев бошчилигидаги фермер хўжалиги аъзоларининг машаққатли меҳнати эвазига ер майдони ҳосил етиштириш учун тахт ҳолатга келтирилди. Яъни, ер майдонига фермер хўжалиги аъзоларининг салмоқли меҳнати сингган. Ер фермер хўжаликларига ижара шартномаси асосида берилади. Унда фермер хўжалиги раҳбарини маълум муддат четга чиқиб кетгани ёки расман ўзи фермер хўжалигини юритмаганлиги, шунингдек, йиғилиш ва мажлисларда иштирок этмаганлиги сабаб шартномани бекор қилиш назарда тутилмаган.

Фермер Ҳотамбой Тўйчиевнинг қонуний манфаатларини таъминлашга оид қабул қилинган суд қарорлари нега ижро этилмаётгани сабаби ҳақида туман ҳокимлигининг юристи Абдураҳим Дадабоевдан изоҳ сўраганимизда, у Наманган вилояти маъмурий суди апелляция инстанцияси 2018 йил 3 майда, Учқўрғон тумани маъмурий судининг “Норин тумани ҳокимининг 2018 йил 10 январдаги 51-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида”ги 2018 йил 27 мартда чиқарган ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиргани, яъни апелляция шикояти қаноатлантирилмаганлиги юзасидан назорат тартибида шикоят юборилганлигини маълум қилиш билан чекланди.

Мазкур шикоят хати юзасидан ўрганиш жараёнида ҳар иккала суд мажлисида қонуний тарзда рад этилган сабаблар яна важ сифатида кўрсатилгани ғалати туюлди. Устига устак маҳаллий давлат ҳокимияти номидан чиқарилаётган аксарият ҳужжатлар юмшоқ қилиб айтганда, хато ва камчиликлардан ҳоли эмас…

Ҳайрон қоласиз, юртимизда фуқароларнинг турмуш даражасини юксалтириш, аҳолининг реал даромадини ошириш, уларни иш билан таъминлашга устувор вазифа сифатида қараб, қишлоқ хўжалиги соҳасида асосий бўғин саналган, дастурхонларимиз тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган фермерларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда Норин туманида яхши ниятлар билан иш бошлаган фермер 9 ойдан бери сарсон-саргардон этилса, унга тегишли ер майдони ҳеч қандай ҳуқуқий асоссиз олиб қўйилаверса ёки ер майдонини ажратишда таниш-билишчиликка йўл қўйилса, фермернинг манфаатларини таъминлаш мақсадида қабул қилинган суд қарорлари ижро этилмаса…

Сўнгги сўз ўрнида

Инсон қадри улуғланадиган, унинг манфаатлари ҳимоя этиладиган юртимизда нега фермернинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилди? Унга ўз еридан фойдаланиши учун имконият берилмади?

Қўлида ерга эгалик қилишга оид ҳужжатлари бўлса-да, айни пахта йиғим-терими палласи ўз ерларидан мажбуран чиқариб юборилганини қандай изоҳлаш мумкин?

Умуман айтганда, ишлайман, оилам, ҳамқиш­лоқларим фаровонлиги, юртим ривожи, иқтисодий тараққиёт учун ҳисса қўшаман, деган ишга чанқоқ фермернинг шаштини қайтариш кимга керак бўлди экан?

Ва ниҳоят, ҳамон ечимини кутиб турган бу масалани ҳал этиш мутасаддилардан наҳотки, катта матонат талаб этса?

…Сарсон бўлаётган фермер Ҳотамбой Тўйчиев ҳали ҳануз умид билан яшамоқда…

“Milliy tiklanish” газетаси, 2018 йил, 12 сентябрь, 37-сон

ЎзА
4 406