Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2018 18:50 Чоп этиш версияси

Бобур саркардасининг қабри топилди

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаммаслаги, ишонган саркардаси бўлган Хўжа Калоннинг қабри Қирғизистоннинг Қорасув туманидаги, табиати ғоят гўзал бўлган, пурвиқор тоғлар орасидан топилди. Хўжа Калон Бобур ҳукмронлиги даврида Қобулда, Қандаҳорда ва яна бир қанча ҳудудларда ҳоким бўлган. Ҳиндистон зафарида ҳам Бобурнинг энг жасур, ишончли, донишманд қўмондонларидан бири бўлган. 

Бу ҳақда ЎзА мухбири билан суҳбатда “Бобур” Халқаро Жамоат фонди директори Зокиржон Машрапов маълумот берди. 

Шунингдек, “Айни пайтда Бобур авлодлари дунёнинг қайси мамлакатларида яшайди?”, деган саволга фонд директори жумладан шундай деди:

–Бугунги кунда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг энг яқин авлодлари Ҳиндистонда, Покистонда, Англияда ва Ҳайдарободда истиқомат қилишади. Кимлар булар? 
Покиза Султонбегим янги Деҳлида яшайди. Марказий кутубхонани бир неча йиллар бошқарган. Унинг синглиси Тоҳира Султонбегим Англияда истиқомат қилади. Шоиранинг бир неча китоблари чоп этилган. Ушбу китобларнинг намуналари мамлакатимиздаги “Бобур ва жаҳон маданияти қўлёзма асарлари” музейида ҳам сақланади.

Лайло Уммахоним 5 нафар фарзандлари билан Ҳайдарободда яшайди. Бобур авлодига мансуб бўлган бу оиланинг Аброр исмли вакили Тошкент давлат техника университетида Бобур Халқаро Жамоат фонди ҳомийлигида 5 йил таҳсил олган.

Жорий йилнинг 14 февраль куни Андижон вилояти Андижон шаҳрида давлат ва жамоат арбоби, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 535 йиллигига бағишланган илмий конференция бўлиб ўтади. Мазкур конференцияга қўшни мамлакатлардан ҳам бобуршунос олимлар ва меҳмонлар келиши кўзда тутилган.

ЎзА
17 202