Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 17:58 Чоп этиш версияси

Саноат хавфсизлиги ва раҳбар масъулияти қониқарлими?

Саноат хавфсизлиги ва раҳбар масъулияти қониқарлими?
2017 йилда хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаган, ишчиларни хавфсиз иш шароитлари билан таъминламаган 9 та раҳбар лавозимидан озод этилган.

Ҳар йили мамлакатимизда замонавий, илғор технологиялар билан жиҳозланган янги ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилмоқда. Ушбу объектларда саноат, техника хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.

“Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси саноат ва радиация хавфсизлиги, кон муносабатлари, республика ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларнинг саноат ва радиация хавфсизлиги, ер қаъридан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатлари ва норматив-техник ҳужжатлар талабларига риоя этишлари юзасидан давлат назоратини амалга оширади.

Инспекция хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги қонуни талаблари асосида умумий 200 дан ортиқ норматив ҳужжат базасига эга. Инспекция томонидан ҳозирги кунгача тасдиқланиб келинаётган норматив-ҳуқуқий ва норматив-техник ҳужжатлар саноат хавфсизлиги ҳолатини мустаҳкамлаш, содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар ва авариялар сонини камайтириш учун хизмат қилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг “Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланиб, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги техник қурилмаларни экспертизадан ўтказиш қоидаси, Хавфли ишлаб чиқариш объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби, Хавфли ишлаб чиқариш объектларида ишлаб чиқариш назоратининг ташкил қилиниши тўғрисидаги низом шулар жумласидандир.

2017 йилда хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаган, ишчиларни хавфсиз иш шароитлари билан таъминламаган 9 та раҳбар лавозимидан озод этилган.

Н.Насриев, ЎзА
7 144