Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.03.2018 15:23 Чоп этиш версияси

Санитария талабларига жавоб бермайдиган чиқиндихоналар

Санитария талабларига жавоб бермайдиган чиқиндихоналар
Тошкент вилоятининг аксарият жойларда чиқиндилар тартибсиз равишда тўпланадиган пунктлар ҳамон сақланиб қолаётгани туфайли уларга туташ ҳудудларнинг санитария-эпидемиология ҳолати ёмонлашмоқда

Тошкент давлат аграр университетида “Чиқиндиларнинг атроф-муҳитга салбий таъсири” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатида мутасаддилар вилоятда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена талабларига жавоб бермайдиган чиқиндилар тўпланадиган полигонлар мавжудлиги ҳақида айтиб ўтди. 

– Вилоятнинг айрим ҳудудларида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена меъёрларига жавоб бермайдиган чиқиндилар тўпланадиган полигонлар мавжуд. Аксарият жойларда чиқиндилар тартибсиз равишда тўпланадиган пунктлар ҳамон сақланиб қолаётгани туфайли уларга туташ ҳудудларнинг санитария-эпидемиология ҳолати ёмонлашмоқда, – дейди Тошкент вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Насима Аҳмедова. – Бу каби ҳолатлар юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалишига шароит яратади. Айни пайтда бошқармамиз томонидан вилоятдаги туман ва шаҳарларнинг санитария-эпидемиология ҳолатини яхшилаш, чиқинди билан боғлиқ вазифаларни бажариш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йил бошидан буён бошқарма инспекторлари туман ва шаҳарлардаги 570 та маҳалланинг чиқиндилар билан боғлиқ санитар ҳолатини ўрганди. Оққўрғон, Зангиота, Паркент ва Юқори Чирчиқ каби туманларда аниқланган ноқонуний чиқиндихоналар ҳашар йўли билан тозаланди.

Тадбирда мутахассислар томонидан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тушунтириш, табиатдан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни белгилаб берувчи қонун ҳамда норматив ҳужжатлар, унинг жойлардаги ижроси хусусида маълумот берилди.

Ушбу мақола ЎзА обуначиларига тақдим этилган янгиликнинг бир қисми бўлиб веб сайтда қисқартирилган шаклда чоп этилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
9 422