Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.08.2017 19:26 Чоп этиш версияси

Самимий мулоқотлар, мароқли учрашувлар

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Фарғона вилоятида ҳам энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрами олдидан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида турли маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув ва мулоқотлар ўтказилмоқда.

Президентимизнинг шу йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилаётган тадбирларда таниқли олимлар, шоир-ёзувчилар, санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари мустақиллик йилларида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадр-қиммати ҳақида сўз юритмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида асрларга татигулик ишлар амалга оширилди. Бунинг самарасида юртимиз янада обод, турмушимиз фаровон бўлиб бормоқда.

Фарғона тумани қишлоқ ва маҳаллаларида бўлиб ўтган учрашув ва давра суҳбатларида бу алоҳида таъкидланди. Санъаткорларнинг дилрабо қўшиқлари барчага хуш кайфият бағишлади.

– Энг улуғ, энг азиз байрам – мустақиллигимизнинг 26 йиллигига Фарғонада кўрилаётган қизғин тайёргарликни кўриб, ҳаётга иштиёқинг янада ошади, кўнглинг тоғдек кўтарилади, – дейди Республика “Оила” илмий-амалий маркази ходими, психология фанлари номзоди Феруза Акромова. – Айниқса, ёшларнинг ғайрат ва шижоати, уларнинг кўзида чақнаб турган олов сизга ҳам кўчгандек бўлади. Шундай юртда яшаётганингдан қалбинг ифтихорга тўлади. Биз, зиёлилар бугунги дориломон кунларга осонликча эришилмагани, мустақилликнинг ҳаётимиздаги аҳамиятини аниқ мисоллар ёрдамида содда тилда тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз. Ўйлайманки, ёшлар буни тез ва тўғри англамоқда. Буни уларнинг учрашувларда фаол иштирок этаётгани ҳам кўрсатиб турибди.

Бундай тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 084






Все о погоде - Pogoda.uz