Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.07.2018 20:39 Чоп этиш версияси

Самарали фаолият – юксалиш мезони

Самарали фаолият – юксалиш мезони
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили 16 миллионга яқин бирламчи саратон ҳолати аниқланади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам 100 мингдан ортиқ бемор онкологик касалликлар бўйича ҳисобда туради. 

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида «Ўзбекистонда онкологик хизматнинг ҳолати: онкологик касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашнинг самарали тизимини яратиш, ташхислаш ва даволашнинг илғор усулларини жорий этиш, замонавий диагностика ва даволаш аппаратлари билан таъминлаш ҳолати ва истиқболи» мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда маълумот берилди.

Ўзбекистон Ресрубликаси соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов ва бошқалар Президентимизнинг 2017 йил 4 апрелдаги «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрстишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада ўз ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этишда муҳим дастуриламал бўлаётганини таъкидлади. Мазкур қарорда белгиланган вазифалар бўйича вилоятлардаги 15 та онкология диспансери Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг филиалларига айлантирилди. 

Сут бези саратони скрининги ўтказиш учун 13 мобиль ва 16 стационар маммографик ускуналар харид қилинмоқда. Бундан ташқари, қизилўнгач, меъда саратони бўйича Фарғона вилоятида тажриба тариқасида скрининг тадқиқотлар олиб бориш режалаштирилган.

Ҳудудларда аҳолига кўрсатилаётган онкология хизмати сифатини тубдан яхшилаш мақсадида ўтган йили пойтахтимизда фаолият юритаётган етакчи мутахассислар марказнинг вилоят филиалларига раҳбар лавозимларига юборилди. Бунинг натижасида ҳудудларда ҳам юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Бу имконият туфайли ҳудудлардан пойтахтга текшириш ва даволаниш учун мурожаат қилаётган беморлар сони камайиб боряпти.

Бу ишларни янада кучайтириш, ҳудудларга консультатив ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг етакчи мутахассисларидан иборат 10 та гуруҳ шакллантирилди. Улар томонидан ҳозирги кунгача жами 593 туман ва шаҳарга чиқишлар амалга оширилди. 913 тиббий машғулот ва маърузалар ўқилди. Ҳудудлардан жами 19 минг 222 мутахассис ушбу маъруза ва маҳорат дарсларида иштирок этди. Жами 13 минг 319 бемор кўрикдан ўтказилди. Ҳудудларда жами 389 жарроҳлик амалиёти бажарилди, уларнинг 153 таси юқори технологик амалиётлардир.

Матбуот анжуманида онкология хизматининг бугунги ҳолати ва истиқболдаги режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
5 780