ЎзА Ўзбек

17.09.2018 09:39 Чоп этиш версияси

Самарқандда Ветеринария медицинаси институти очилди

Самарқандда Ветеринария медицинаси институти очилди

Меҳмонлар дастлаб институтнинг “Ёшлар инновацион маркази”да бўлиб, янги лойиҳалар ва бош биносида ташкил этилган кўргазмалар билан танишди.

– Келгусида Ўзбекистон ветеринарияси истиқболи янада юксалади, – дейди институт профессори “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Д. Абдукаримов. – Олий даргоҳни битирган талабалар замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган, етук ва тажрибали мутахассис бўлиб етишади. Ана шунда орадан йиллар ўтса-да, ветеринария медицинаси институтининг ташкил этилиши ветеринария тарихида ўчмас саҳифа бўлиб қолади.

4.jpg

Ушбу институтнинг очилишига сабаб нима? Бундан қандай ўзгаришлар ёки ютуқлар кутилмоқда?

7.jpg

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили 9 декабрда Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида аграр соҳада замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган кадрлар етишмаётгани, айниқса, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида ветеринар мутахассисларга эҳтиёж катта эканлиги алоҳида қайд этилган эди.

8.jpg

Чорва молларининг зотини яхшилаш, паррандаларда касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича илмий изланишлар деярли олиб борилмаётганлиги, чорвачилик соҳасида етакчи бўлиб келган юртимизда бугун зотдор молларни фақат четдан олиб келиш билан чекланиб қолаётганимизни ҳеч нима билан изоҳлаб бўлмаслигига тўхталиб ўтди.

10.jpg

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва қатъий топшириғи асосида жаҳоннинг илғор тажрибалари ўрганилган ҳолда таклифлар тайёрланиб, соҳанинг замон талаблари асосида ривожланишини ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида 2018 йил 8 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Самарқанд ветеринария медицинаси институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Институт олдига, соҳа учун кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини яратиш, ривожланган хорижий давлатларнинг ветеринария ва чорвачилик соҳаси бўйича илғор тажрибасини ўрганиш асосида таълим жараёнларига татбиқ этиш, таълим бериш жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш каби бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Демак, келгусида юртимизда чорвачилик тармоқларининг ривожланишида мазкур таълим даргоҳи муҳим вазифаларни бажаради.

Ўзбекистон Республикаси давлат ветеринария қўмитаси раиси Б.Норқобилов, Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Р. Қобилов, Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори Х.Юнусовлар институт очилиш маросимининг рамзий лентасини кесиш жараёнида иштирок этди.

Сайёра Шоева, ЎзА
5 726