Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.11.2017 18:59 Чоп этиш версияси

Самарқандда ҳар ойнинг охирги шанбаси “Маҳалла куни” деб белгиланган

Бугун изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатимизда маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги сифат босқичига олиб чиқди.

Мазкур фармон талабларидан келиб чиқиб, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилояти кенгаши, туман ва шаҳарларда ҳудудий кенгашлар ташкил этилди.

– Фаолиятимизни жамоатчилик назоратини амалга оширишни тизимли равишда йўлга қўйишдан бошладик, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Бобоёров. – Шу мақсадда фуқаролар йиғинлари ходимлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда махсус саволнома асосида хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг кайфияти ва муаммолари ўрганилди. Ҳар бир маҳаллада кам таъминланган оилалар рўйхати шакллантирилди, ҳудудда ечимини кутаётган муаммолар қайд этилди. Вилоятдаги 1 минг 89 маҳалланинг барчасида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланди ва ижросига киришилди. “Харита”да нафақат иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш, балки маданий-маиший, маънавий-маърифий ҳаётни яхшилаш, одамларнинг эртанги кунга, давлат ҳокимияти органларига ишончини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоятда шундай тартиб жорий қилинди – маҳалла раиси ишни ҳудуддаги битта кўчани айланиб, юзага келган муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўришдан бошлайди. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар (туман) бўлинмаси раиси ҳар куни битта маҳаллада бўлиб, фуқаролар йиғинидаги аҳволни ўрганади. Вилоят бўлими бошқаруви раиси эса ҳар куни битта шаҳар (туман)даги маҳаллада бўлиб, мавжуд аҳволни кўради, “Йўл харитаси” дастури ижроси юзасидан олиб борилаётган ишлар билан танишади. Бугун бу тизим ўз самарасини бермоқда.

Бундан ташқари, ҳар бир маҳалла раиси ўз ҳудудида тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолини ишбилармонликка ўргатишга ҳам масъул ҳисобланади. Улар аввало ўзи битта иссиқхона ташкил қилиб, кредит асосида 10 лимон, 100 бош товуқ олиши, энг ночор оилаларни бирлаштириб, камида 5 иш ўрни яратиши белгилаб қўйилди. Бугун маҳаллаларда оқсоқоллар бошчилигида бундай ишлар бошланган. Биргина ушбу йўналишда йил якунига қадар маҳаллаларда 4 минг 450 иш ўрни яратилади.

Ҳар ойнинг охирги шанбаси вилоятда “Маҳалла куни” деб белгиланган. Шу куни барча маҳалла фуқаролар йиғинида кенгаш йиғилишлари ўтказилади. Мазкур йиғилишларда маҳалла ҳаёти билан боғлиқ бўлган энг муҳим вазифалар муҳокама этилади, давлат идоралари ва ташкилотлар олдига вазифалар қўйилади, тегишли ҳисоботлар эшитилади. Ўтган давр мобайнида маҳаллаларда мутасадди раҳбарларнинг икки мартадан ҳисоботлари тингланди. Айни пайтда вилоятдаги барча фуқаролар йиғинида жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича масъуллар – фуқаролар йиғини кенгашлари аъзолари, ҳудудга бириктирилган давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларининг рўйхати шакллантирилган, бу рўйхат маҳалла маркази биносидаги қулай жойларга осиб қўйилган.

Каттақўрғон туманидаги “Найман” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қиймадўз қишлоғида яшовчи Гўзал Эшмуродованинг бир ярим яшар ўғлига эшитиш мосламаси совға қилинганда онанинг қувончдан кўзларига ёш олгани ёки Яккабоғ маҳалласида истиқомат қиладиган I гуруҳ ногирони Ш.Норқуловга аравача тақдим этилганда унинг миннатдор бўлгани маҳаллаларда меҳр-оқибат кучайиб бораётганидан далолатдир. Каттақўрғон шаҳрининг Ғариб Мачит маҳалласи фуқароси Марҳабо Файзиеванинг ночор ҳолатга келган уйи таъмирлангани ҳам ҳамжиҳатлик намунасидир. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Дарвоқе, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши томонидан фуқаролар йиғинлари раислари, маҳаллалар фаоллари ҳамда вилоят аҳлига очиқ хат билан мурожаат қилиниб, унда маҳалла тизими ходимлари барчага ҳар жиҳатдан ўрнак, ёш авлодга муносиб ота-она, тарбиячи бўлиши зарурлиги қайд этилди. Маҳаллаларда тўй ва маъракаларни ихчамлаштириш, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик бўйича тавсиялар берилди. Бунда аввало оқсоқолларнинг ўзи ибрат бўлиши учун Булунғурда ана шундай намунали тўй ўтказилди.

Вилоятда “Маслакдош, елкадош, рақобатдош” лойиҳаси асосида амалга оширилаётган ишлар самарасида бугунги кунда 16 шаҳар ва туман маҳаллалари сони ва жойлашувига қараб 8 жуфтликка бўлинди. Улар бир-бирининг фаолиятини кузатиб, ўзаро тажриба алмашиб, мусобақадошлик билан иш олиб бормоқда. Бу жараёнда аниқланган муаммолар вилоят кенгаши ижро аппаратида таҳлил қилиниб, тегишли “Йўл харитаси” дастурларига киритилади. Ижроси таъминланган вазифалар эса дастурдан чиқарилиб, “Йўл харита”лари янгиланиб бораверади.

Маҳаллаларда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, нотинч оилалар фарзандларига, профилактик ҳисобда турган ёшларга “Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари” аъзолари бириктирилиб, тарбиявий ишлар, маърифий суҳбатлар олиб борилмоқда.

Маҳаллаларда олиб борилаётган бу каби ишлар халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб ўсишига, пировардида жамиятимизда барқарорлик, кишилар ўртасида аҳиллик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
4 523






Все о погоде - Pogoda.uz