ЎзА Ўзбек

04.05.2018 22:00 Чоп этиш версияси

Салом отанинг қувончи

Салом отанинг қувончи Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари Бухоро шаҳрида яшовчи 95 ёшли Салом ота Раҳмонов хонадонида бўлди. Салом отага Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди ва 5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғани топширди.

Бугунги кунда Бухоро вилоятида 58 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилмоқда. Фашизмга қарши кечган беаёв жангларда ватанпарварлик ва жасорат намуналарини кўрсатган бу фахрийлар эъзозу ардоқда ҳаёт кечирмоқда.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида Президентимизнинг жорий йил 16 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига асосан уруш фахрийларини шарафлаш тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари Бухоро шаҳрида яшовчи 95 ёшли Салом ота Раҳмонов хонадонида бўлди. Салом отага Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди ва 5 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғани топширди. Уруш йилларидаги ғалабага чорловчи қўшиқлар янгради. Ҳудуддаги 22-умумтаълим мактаби ўқувчилари шеъру рақслари билан отахонни мамнун этди.

Салом Раҳмонов қўлига қурол олганида 20 ёшда эди. Уруш унинг учун узоқ чўзилмади. 1943 йил октябрида Сталинград (ҳозирги Волгоград) шаҳрини озод қилиш учун жангларда иштирок этди. Ана шундай беомон тўқнашувларнинг бирида ўнг оёғидан яраланди. Қисқа муддат даволангач, қисмдошлари билан Украина фронтига қўшилди. 1944 йилнинг январь ойи бошларида Днепропетровск шаҳрида фашистларга қарши оғир жангларнинг бирида энди чап оёғидан қаттиқ яраланди. Жароҳат оғир экан, оёғини тиззасидан кесиб ташлашди. Госпиталда саккиз ой даволангач, Бухорога қўлтиқтаёқда қайтди. Кўп ўтмай оила қурди. Ногирон бўлса-да, меҳнат фронтида фидойилик кўрсатди. Узоқ вақт саноат корхоналарида турли вазифаларда ишлади. Бугун фарзандлари даврасида кексалик гаштини сурмоқда.

2-faqat saytga.jpg

– У йилларни эслаш оғир. Не-не машаққатларга дош берган бу жон кексалар, аёллар ва болалар чекаётган азобларга чидаёлмасди. Даҳшат, бошқа таъриф йўқ, болаларим, – дейди Салом ота. – Илоё, сизлар у кунларни кўрманглар, уруш деган бало ҳеч қачон қайтмасин. Яратганга шукр, юртимиз тинч, дастурхонимиз тўкин. Тунлар хотиржам ухлаймиз, кундузлари ёшларнинг, мана бундай эзгу ишларнинг бошида турганларни дуо қиламиз.

Шу куни Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи 94 ёшли Ҳабиб ота Валиевнинг хонадони ҳам меҳмонлар билан гавжум бўлди. Унга Президентимизнинг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан йўллаган байрам табриги, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаси топширилди.

Эътибордан кўнгли тоғ отахон дуога қўл очди:

9-faqat saytga.jpg

1.jpg

– Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, халқимиз янада фаровон яшасин! Яратган элимизни ёмон кўзлардан, уруш деган офатдан асрасин!

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
8 321