Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.06.2018 18:27 Чоп этиш версияси

Саховатдан яйрар кўнгиллар

Сирдарё вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ҳам фаол иштирок этмоқда.

Бирлашма ташаббуси билан Ширин шаҳрида кам таъминланган ва ногиронлиги бор 3 фуқаронинг хонадони қайта таъмирлаб берилди. Мирзо Улуғбек номидаги маҳаллада истиқомат қилувчи Қўзиқул ака Норматовнинг турмуш ўртоғи касал бўлиб, тўшакка михланиб қолган. Қизлари эса турмушга чиқиб кетган. Кексалар таъмирланмаган хонадонда яшаб келаётган эди.

– Аёлим касал, уйимиз таъмирталаб, – дейди Қўзиқул ака. – Тақдир-да. Шуларни ўйлар эканман, қўл калталигидан юрагим сиқилар эди. Яратганга шукр, давлатимиз биз каби фуқароларини ёлғизлатиб қўймайди. Мана, муборак ой арафасида уйимизни чиройли қилиб таъмирлаб беришди. Бундан биз, чол-кампирнинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Барака топишсин, қўлимиз дуода. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Бундай эзгу ишларга бош-қош бўлганлардан тортиб, иштирокчиларгача барчанинг умрига барака берсин.

Бугунги кунда “Жаннат жилваси” хусусий қурилиш корхонаси шаҳардаги яна 15 уйда таъмирлаш ишларини олиб бормоқда. Шу ой ниҳоясида уйлар худди янгидек ўз эгаларига топширилади. Умуман, жорий йилда Ширин шаҳрида эҳтиёжманд 25 оиланинг хонадони тўлиқ таъмирлаб берилиши режалаштирилган.

Шунингдек, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонига бориб, уларга саломатлигини мустаҳкамлаши учун дори-дармон воситалари, турмуш даражасини ошириш мақсадида маиший техника жиҳозлари топширмоқда.

Ширин шаҳрининг Бунёдкор маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳалима Ҳалимованинг невараси Шодия ёш бўлишига қарамасдан юрагида икки марта жарроҳлик амалиёти ўтказган. 

– Ўзбекистонда яшаётганим менинг бахтимдир, – дейди кўзларида ёш билан Ҳалима буви. – Агар шундай бўлмаса, билмадим, ҳолимиз не кечарди? Яратганга шукр, юртимиз тинч, халқимиз меҳр-оқибатли, Президентимиз халқпарвар. У кишидан ибрат олиб, турли ташкилотлар, жумладан, касаба уюшмалари, маҳалла-кўй ҳам доимо кўмак бериб турибди. 

Эзгуликка йўғрилган бундай тадбирлар жамиятимизда эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик фазилатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
4 541