ЎзА Ўзбек

11.07.2018 13:44 Чоп этиш версияси

Риштон туманида "Ёш тадбиркорлар" кўчаси ташкил этилади

Риштон туманида "Ёш тадбиркорлар" кўчаси ташкил этилади
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилояти кенгаши раиси Аҳаджон Акбаров Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони доирасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар хусусида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Мазкур фармон ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, айниқса, ёшлар тадбиркорлигини комплекс ривожлантириш ва уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг мақсадли дастури сифатида эълон қилингани билан ғоят аҳамиятлидир. Давлат дастурига кўра, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасини ташкил этиш ҳамда ҳудудларда “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” мажмуаларни барпо этишга асосий эътибор қаратилган. Уларда ёш тадбиркорлар учун хоналарни бепул ажратиш, шунингдек, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоя ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш, Давлат дастури доирасида олинадиган кредитлар бўйича кредит ҳажмининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда кафилликлар бериш кўзда тутилган. 

Вилоятимизда ҳам ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқларга кўра, ёшлар учун 74 минг 951 доимий, шунингдек, 25 минг 962 мавсумий иш ўрни яратилади.

Айни кунларда Риштон туманида мазкур йўналишда амалий ишларга қўл урилди. Туманда ёшлар сони 60 минг 823 нафар бўлиб, уларнинг 2 минг 964 нафари муқим иш жойига эга бўлмаган йигит-қизлардир. Ҳудудда Дастурни амалга ошириш юзасидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Риштон тумани кенгашида махсус штаб ташкил этилган. Вилоят ҳокимлиги ва прокуратураси билан ҳамкорликда “Yoshlar – kelajаgimiz” Давлат дастури ижросига бағишланган кўргазмали семинар ўтказилиб, барча вазифалар белгилаб олинди.

Риштон туманига киравериш қисмидан Бағдод туманигача бўлган марказий кўчани “Ёш тадбиркорлар” кўчаси деб номлаш юзасидан бирламчи лойиҳалар ишлаб чиқилди. Туман ишчи гуруҳи ва маҳалла фаолларидан иборат гуруҳ томонидан 260 дан ортиқ хонадон ва 110 дан ортиқ нотурар жой объектлари ўрганиб чиқилди. Ўрганиш давомида ишчи гуруҳ томонидан хонадонлардаги 30 ёшгача бўлган ишсиз ёшлар рўйхати шакллантирилди.

Ташкил этилаётган “Ёш тадбиркорлар" кўчасида “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-маркази ва “Yoshlar mehnat guzari” қуриш бўйича бўш турган ер майдонлари ва бинолар ўрганиб чиқилаётир. Тумандаги 69 та маҳалла фуқаролар йиғинида Дастур тарғиботи бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиб, унинг мазмун-моҳияти аҳоли ва кенг ёшлар қатламига етказилмоқда, ёшларнинг бизнес ташаббуслари, бирор меҳнат турига бўлган лаёқат ва эҳтиёжи ўрганилмоқда.

Туманда ўрганилган 28 маҳалладаги ёшларнинг 381 нафари тадбиркорликка, 455 нафари фермер хўжалигига, 604 нафари эса бошқа фаолият турларига қизиқиш билдирган бўлса, 384 нафари имтиёзли кредит олишга, 275 нафари ўқув курсларида таҳсил олишга эҳтиёжманд экани аниқланган. 634 нафар ёшлар ҳайдовчилик гувоҳномасига, 1246 нафари компьютер саводхонлигига эга. Ишсиз ёшлар билан ўтказилган суҳбатларда уларнинг тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва фермерлик фаолиятини бошлашига кўмаклашиш чоралари белгиланди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, вилоятдаги 1 минг 28 маҳалланинг ҳар бирига кириб бориш, ёшлар ўртасида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури мазмун-моҳиятини тушунтириш, уларнинг бизнес ғоя ва ташаббусларини аниқлашга киришилди. Ҳудудларда Дастур ижросига алоҳида эътибор қаратилиши билан ёшларнинг иқтисодий-ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ёрқин келажаги учун муҳим асос яратилишига эришилади.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони замонавий билим ва илғор технологияларни пухта ўзлаштирган, мамлакатнинг муносиб келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, қатъий интилувчан ва серғайрат ёшл
арни тарбиялашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

ЎзА мухбири М.Сулаймонов ёзиб олди
10 330