Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.02.2017 19:26 Чоп этиш версияси

Сенатор ва депутатларнинг Шофиркон туманида аҳоли билан ўтказган мулоқотлари натижалари муҳокама этилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларининг Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги ўн кунлик ўрганишлари, аҳоли билан мулоқотларининг натижалари халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ҳамда фаоллари иштирокида муҳокама қилинди.

Шу муносабат билан ташкил этилган халқ депутатлари туман Кенгашининг сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ва бошқалар жорий йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиниши юртимизда давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувини такомиллаштириш, бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари, самарали усуллари жорий этилишида, бу борадаги ислоҳотларни янги босқичда давом эттиришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Бухоро вилоятидан сайланган депутатлар ва Сенат аъзолари Шофиркон туманидаги корхона, ташкилот, муассаса ва хонадонларда бўлиб, одамлар фикри ва эҳтиёжи билан қизиққани, очиқ мулоқотларда маҳалла фаоллари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, фермерлар, тиббиёт ходимлари, ўқитувчи ва ўқувчилар фаол иштирок этгани айтиб ўтилди.

Танқидий таҳлил руҳида ўтган йиғилишда ўрганишлар жараёнида аниқланган муаммо ва камчиликларни жойида бартараф этиш, эришилаётган ютуқлар кўламини янада ошириш бўйича тегишли чоралар белгилашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўрганиш жараёнида аҳолининг бандлик масаласи халқ вакиллари эътиборида бўлди. Натижада тумандаги тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган 100 дан ортиқ оилага тижорат банклари томонидан 843 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилишига кўмаклашилди, 40 га яқин фуқаро янги иш ўрни билан таъминланди.

Ҳудудда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда муайян ютуқларга эришилаётган бўлса-да, бу борадаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмоқда, деб бўлмайди. Бугунги кунда 170 минг аҳоли яшайдиган туманда рўйхатга олинган корхоналарнинг 13 фоизи, яъни 130 дан ортиғи турли сабабларга кўра фаолият кўрсатмаётир. Рўйхатдан ўтган 608 якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган. Бу субъектларнинг ишини қайта тиклаш бўйича эса амалий чоралар кўрилмаётгани ачинарли.

Туманда қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор етарли эмас. Масалан, Шофиркондаги йирик қум-шағал конидан фақат хомашё сифатида фойдаланилмоқда. Ҳолбуки, унинг бир қисмини шу ернинг ўзида қайта ишлаб, қурилиш маҳсулотлари тайёрлаш мумкин. Бу маҳаллий солиқ базасини кенгайтириш ва кўплаб янги иш ўринлари яратиш имконини берган бўларди.

Таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хизмат соҳалари, айниқса, газ таъминоти тизимида учраётган камчиликлар жиддий таҳлил қилинди. Шунингдек, туман прокуратураси ва ички ишлар бўлимининг ҳудудда қонунийликни таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятини кучайтириш лозимлигига эътибор қаратилди.

Ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий соҳани ривожлантиришда алоҳида масъулият юклатилган халқ депутатлари туман Кенгаши фаолияти ҳам муҳокама этилди. Унинг ишидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.

Сессияда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
2 321






Все о погоде - Pogoda.uz