Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.10.2017 16:44 Чоп этиш версияси

Реклама ҳафталигига бағишланган матбуот анжумани

Пойтахтимизда 2018 йил 26 февраль – 2 март кунлари ўтказиладиган «ADWEEK – 2018» маркетинг ва реклама ҳафталигига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда ҳафталик қатнашчилари, ҳамкорлар ҳамда журналистлар тадбир доирасида ўтказиладиган танлов шартларига оид маълумотлар билан танишди.

Иккинчи марта ташкил этилаётган маркетинг ва реклама соҳасининг энг йирик тадбири доирасида кўргазма, анжуман ва танлов ўтказилади.

Соҳада фаолият кўрсатаётган юздан зиёд корхона иштирок этиши кутилаётган кўргазмани ўтказишдан асосий мақсад – бозор иқтисодиёти ва реклама индустриясининг замонавий талабларига жавоб бера оладиган маркетинг лойиҳалари ва реклама компанияларини қўллаб-қувватлаш ҳамда янги брендлар яратишга кўмаклашишдан иборат. Унда реклама агентликлари, дизайн-студиялар, веб-студиялар, полиграфия ташкилотлари, медиа ва маркетинг агентликлари, видео маҳсулотлар, сувенир ва турли эсдалик совғалари ишлаб чиқарувчилар ўзаро рақобат қилиш имконига эга бўлади.

Ҳафталик доирасида тақдимот, маҳорат дарслари, панелли муҳокамалар ташкил этилади. Мамлакатимизда реклама соҳасидаги мавжуд долзарб масалалар, уларнинг ечими ва соҳани ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилади.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда маркетинг ва реклама соҳасини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Дилшод Азимов. – Ҳафталик доирасида мамлакатимиздаги соҳага оид амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилади. Шу билан бирга, ўтказиладиган маҳорат дарсларида реклама берувчиларнинг соҳага оид ҳуқуқий маданиятини юксалтириш белгиланган.

Танлов эса янги сармоядорлар, ҳамкорлар ва истеъмолчилар диққатини жалб этиш ҳамда маҳаллий маҳсулотлар ва брендларни ривожлантиришда ноанъанавий маркетинг ва реклама йўналишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. 2017 йил октябрдан бошланиб, 5 ой давом этадиган танлов видео, брендинг, аудио, интеграциялашган лойиҳа, ижтимоий реклама каби 12 тоифа бўйича ўтказилади.

Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.

Нурилло Насриев, ЎзА
5 019






Все о погоде - Pogoda.uz