Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2018 07:02 Чоп этиш версияси

Расман: Сафарбарлик чақируви резерви хизмати учун тўлов миқдори камайтирилди

Президент фармонига шарҳ

Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш йўлида давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган улкан ўзгариш, янгиланишлар замирида ҳам ижтимоий масала асосий ўринни эгалламоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 2 февраль куни имзоланган тегишли Фармони ҳам бу борадаги эзгу ишларнинг мантиқий давомидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур фармондан кўзланган асосий мақсад сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматга фуқаролар томонидан тўланадиган пул бадаллари ҳажмини камайтириш, сафарбарлик чақируви резерви хизматига ўтказилаётган фуқаролар учун енгиллик ва қулайликлар яратишдир.

Фармонга мувофиқ, сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинган фуқаролар томонидан махсус ҳисобрақамига тўланадиган пул бадали жорий йилнинг 5 февралидан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари, яъни 3 444 800 сўм этиб белгиланди. Унга қадар сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинган фуқаролар томонидан тўланадиган пул бадали энг кам ойлик иш ҳақининг 27,5 баробари, яъни 4 736 600 сўмни ташкил этган.

Маълумот учун шуни айтиш лозимки, сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинган фуқаролар томонидан 2018 йилнинг 5 февралига қадар тўланган пул бадалларининг янгидан белгиланган миқдордан ортиқча қисми қайтариб берилмайди.

Жорий йилнинг февраль-март ойларида туман (шаҳар) чақирув комиссиялари томонидан сафарбарлик чақируви резерви хизматига ўтказиладиган чақирув ёшидаги фуқаролар яратиб берилган ушбу имкониятдан кенг фойдаланган ҳолда янгидан белгиланган тартиб бўйича шартномалар имзолаб, пул бадалларини тўлашлари мумкин.

Таъкидлаш керакки, ўтган давр мобайнида ёшлар онгида армия ҳақида, Ватан ҳимояси ҳақида ижобий фикрлар шаклланишида ҳарбий хизматнинг мазкур тури ҳам муҳим аҳамият касб этиб келмоқда. Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматнинг ойлик йиғинида ёшларимиз Ватан олдидаги муқаддас бурчини ўтаб, бошланғич ҳарбий тайёргарликни эгаллаб, ҳаёт мактабида тобланяпти. Шу боис давлатимиз раҳбарияти томонидан сафарбарлик чақируви резерви хизматини янада такомиллаштириш, ўтказилаётган жанговар, маънавий-маърифий тайёргарликлар тизимини янада яхшилашга катта эътибор қаратилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунига асосан 2003 йилдан бошлаб чақирув ёшидаги фуқаролар учун ҳарбий хизмат тури сифатида сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат жорий этилган.

Унга мувофиқ, муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинадилар.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат ҳудудий принцип асосида ойлик йиғинлар тарзида ташкил этилган бўлиб, чақирилувчилар томонидан махсус ҳисобрақамга пул бадали киритилишини назарда тутади. Ушбу хизмат сафига ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган чақирилувчилар олинади ва улар ҳар йилги ҳарбий йиғинларга жалб этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йилдаги 99-сонли “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинадиган фуқаролар томонидан махсус ҳисобрақамига тўланадиган пул бадалларининг тўланиш тартиби ва шартлари Қуролли Кучларда ҳарбий хизматга навбатдаги чақирув даврида чақирилувчи ва Мудофаа вазирлиги номидан ҳудудий мудофаа ишлари бўлими бошлиғи ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.

Сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинган чақирилувчилар томонидан пул бадаллари, уларни сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинганидан кейин бир йил мобайнида давлат-тижорат Халқ банки муассасалари орқали тўланади. Томонларнинг келишувига кўра тўлов тў
лиқ ҳажмда бир йўла ёхуд босқичма-босқич амалга оширилиши мумкин. 

Эркин Раҳматов, полковник,
Мудофаа вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи.

ЎзА
22 575