ЎзА Ўзбек

11.09.2018 18:05 Чоп этиш версияси

“Рақс сеҳри“ халқаро фестивалига 20 та давлатдан меҳмонлар келиши кутилмоқда

“Рақс сеҳри“ халқаро фестивалига 20 та давлатдан меҳмонлар келиши кутилмоқда Хоразм вилоятида жорий йилнинг 14-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Рақс сеҳри” халқаро анъанавий фестивалига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Рақс томоша қилганда, куй-қўшиқ тинглаганда инсон қалби завққа тўлади, ундан ором олади. Ўзбек мусиқа ва рақс санъати узоқ ва бой тарихга эга. Биргина Хоразм вилоятини олайлик. “Лазги” рақси жуда мафтункор бўлиб, мутахассисларнинг фикрича унинг 100 дан ортиқ турлари бор. Томошабинга завқ ва яхшилик улашадиган бу санъат йилдан-йилга сайқалланиб, бойиб бормоқда.

Кўнгилларга завқ улашувчи, қалбларни бир-бирига яқинлаштирувчи “Рақс сеҳри” халқаро аньанавий фестивалига йигирмадан ортиқ хорижий давлатлардан меҳмонлар келиши кутилмоқда. Айни кунларда кузатганимиз Урганч халқаро аэропортидан то Хива шаҳригача бўлган масофа, умуман вилоятнинг барча, шаҳар, туманларининг марказий кўчалари, аҳоли гавжум жойларига рақснинг сеҳрли оламидан сўзловчи, унинг моҳиятини очиб берувчи баннерлар ўрнатилиб, байрамона безатилмоқда.

Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасида ўтказилиши режалаштирилган халқаро фестиваль ўзбек рақс санъатининг ўзига хослиги ва бетакрорлигининг намойиши бўлади. Дастлаб, Хива шаҳридаги “Ичан қалъа кутубхонаси”да “Буюк ипак йўли бўйлаб халқаро туризмнинг барқарор ривожланишида маданий мероснинг тутган ўрни” мавзусида туризм, тарих, этнография, фольклор йўналишлари бўйича илмий-амалий конференция ўтказилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, фестиваль доирасида республикамизнинг барча ҳудудларидан келган раққоса ва раққосларнинг, бадиий жамоаларнинг чиқишлари, фольклор этнографик ансамблларнинг театрлаштирилган саҳна кўринишлари санъат ихлосмандлари ҳамда хорижий давлатлардан келган меҳмонларга тақдим этилади.

Тасвирий ва амалий саньат кўргазмалари, ҳунармандлик ишлари ярмаркалари ташкил этилиши режалаштирилган.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
3 887