ЎзА Ўзбек

14.09.2018 22:22 Чоп этиш версияси

“Рақс сеҳри” халқаро фестивали

“Рақс сеҳри” халқаро фестивали Хоразмда 14-16 сентябрь кунлари “Рақс сеҳри” халқаро фестивали бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, вилоят ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган фестивалнинг очилиш маросими Хива шаҳридаги “Ичанқалъа” давлат музей-қўриқхонасида бўлиб ўтди.

Фестивалда юртимизнинг турли ҳудудларидан ва қатор хорижий давлатлардан келган санъаткорлар ўз бадиий чиқишлари билан иштирок этади. Миллий рақс санъатимизни дунёга тарғиб қилиш, мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш мақсадида ташкил қилинган фестивалга жорий йилда ҳам пухта тайёргарлик кўрилди.

4 (1).jpg

"Рақс сеҳри" халқаро фестивалида 10 дан зиёд мамлакатдан меҳмонлар ва бадиий жамоалар иштирок этаётир.

– Хивани эртакнамо шаҳар деб эшитган эдим, – дейди польшалик сайёҳ Каша Бейжик. – Қаранг, бугун ўзим бунга гувоҳ бўлиб турибман. Саёҳатимиз мана шундай рақс фестивали бўлиб ўтадиган кунларга тўғри келганидан ниҳоятда хурсандмиз. Ахир, бундай имконият яна бўладими-йўқми, номаълум. Рости, миллий рақсларингиз жозибасидан сеҳрланиб қолдик гўё. Фурсатдан фойдаланиб, ҳамроҳларим билан бирга рақсларингизнинг айрим ҳаракатларини ўрганамиз. Бу ердан олган таассуротларимизни ўз юртимизда яқинларимизга албатта сўзлаб берамиз.

Уч кун давом этадиган фестиваль доирасида рақс усталари томонидан маҳорат дарслари, ижодий суҳбатлар, ансамблларнинг чиқишлари, саҳналаштирилган томошалар, турли кўргазмалар ўтказилиши кўзда тутилган.

5 (1).jpg

Рақс инсонга самимият ва яхшилик каби туйғуларни бахш этадиган ниҳоятда нозик санъат тури. Аслида, энг дилбар туйғулар билан чамбарчас боғлиқ рақсларда миллатнинг қадим ўтмишидан то бугунги кунигача ўз аксини топади. Бинобарин, рақсларимизда кўҳна замин тарихи, халқимизнинг ўзига хос анъаналари акс этади.

Фестивалнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев, Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Ф.Эрманов сўзга чиқди.

Аҳмаджон Шокиров, Шоназар Қориев (сурат) ЎзА
3 154