Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.02.2017 18:17 Чоп этиш версияси

Сирдарё вилоятида намунали милиция таянч пунктлари аниқланди

"Ички ишлар органларининг намунали таянч пункти” кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичида Гулистон шаҳри “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини 1-милиция таянч пункти ғолиб бўлиб, мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун маҳалламизда ҳунармандчилик, ижодий, бадиий ва спорт тўгараклари фаолият юритмоқда, – дейди танлов ғолиби, 1-милиция таянч пункти профилактика инспектори Улуғбек Бижанов. – “Мактаб – маҳалла – оила” ҳамкорлигининг изчил йўлга қўйилгани ҳам муваффақиятларнинг бош омили бўлаётир. Ўтган йили маҳалла фуқаролар йиғинининг замонавий биноси бунёд этилиб, милиция таянч пунктининг самарали ишлаши учун зарур шароит яратилгани фаолиятимиз самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди. Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам кенг кўламда давом эттирилмоқда.

Туман, шаҳар босқичларида ғолиб бўлган милиция таянч пунктлари профилактика инспекторлари, фуқаролар йиғинлари раислари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Жўраев ва бошқалар халқимиз осойишталигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ички ишлар идораларининг фаолияти муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Бунда тизимнинг энг қуйи бўғини ҳисобланган маҳаллалардаги милиция таянч пунктларининг муносиб ўрни бор.

Сирдарё вилоятида 104 милиция таянч пункти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг аксарияти маҳалла фуқаролар йиғинлари билан бир бинода жойлашгани, профилактика инспекторларининг маҳалла раиси, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, посбон ва фуқаролар йиғини комиссиялари билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани ҳудудда осойишталикни таъминлаш, турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Танлов ғолибларини аниқлашда милиция таянч пунктларининг хизмат кўрсатиш ҳудудидаги вазият, профилактика инспекторларининг маҳалла фуқаролар йиғини ва аҳоли билан ҳамкорлиги, билим ва тажрибаси, вояга етмаганлар билан ишлаш борасидаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Иккинчи ўрин Ховос тумани “Пахтакор” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 104-милиция таянч пунктига берилди. Учинчи ўринни Мирзаобод тумани “Оқолтин” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 92-милиция таянч пункти қўлга киритди.

Танловда “Энг маҳоратли профилактика инспектори”, “Ёш авлод ҳимоячиси”, “Фидойи маҳалла посбони”, “Маърифатпарвар маслаҳатчи” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
680






Все о погоде - Pogoda.uz