Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 12:47 Чоп этиш версияси

Профилактика – ҳуқуқбузарликларга қарши курашишнинг самарали усули

Мамлакатимиз божхоначилари томонидан иқтисодий ва маънавий хавфсизликни таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда мунтазам тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 90 га яқин контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилиш ҳолатлари аниқланиб, қиймати салкам 320 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинган.

Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатларидан аксариятини ёшлар онгига салбий таъсир этувчи ҳар хил диний ва порнографик мазмундаги видеоролик ҳамда фотосуратларнинг ноқонуний олиб ўтилишига доир қоидабузарликлар ташкил этади.

2017 йил 17 январь куни “Сирдарё” чегара божхона постида Қозоғистон фуқароси Л.Жанасовга (исм-фамилияси ўзгартирилган) тегишли, муқаддам фойдаланишда бўлган “IPhone 5S” русумли телефон аппарати холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганда телефон аппаратининг хотирасида шафқатсизликни тарғиб қилувчи, беҳаё ва порнографик ҳамда диний мазмундаги видеолавҳалар борлиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2017 йил 20 январдаги экспертлик хулосасига кўра, ушбу телефон аппаратининг хотирасида мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган шафқатсизликни тарғиб қилувчи видеолавҳалардаги маълумотлар ИШИД диний экстремистик ташкилотига тегишли бўлиб, уларда диний адоватни тарғиб қилувчи ғояларнинг мавжудлиги, шунингдек, ушбу видеолавҳалар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги маълум бўлган.

Ушбу ҳолат юзасидан фуқаро Л.Жанасовга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тегишлилиги бўйича суд идораларига юборилган.

Содир этилаётган бу каби ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш борасида Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан туман, шаҳар ҳокимликлари ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг мутасадди раҳбарлари билан ҳамкорликда учрашувлар ташкил қилиниб, тарғибот ишлари олиб борилмоқда. 2017 йилнинг март ойида “Сирдарё” чегара божхона пости орқали ҳаракатланувчи ва чегара ҳудуди яқинида яшовчи фуқароларга миссионерлик, диний экстремизм, терроризм, ақидапарастликни тарғиб қилувчи манбаларни ўзларининг уяли қўл телефонларига ушбу манбаларнинг мазмун моҳиятини тушуниб етмасдан кўр-кўрона юклаб олмасликлари ҳақида тушунча берилди.

Шу билан бирга, Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг масъул ходимлари томонидан учрашувлар ташкил қилиниб, божхона пости орқали ҳаракатланаётган фуқароларга ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларга қўлланиладиган жазо чоралари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
1 995






Все о погоде - Pogoda.uz