Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.04.2017 19:10 Чоп этиш версияси

Профилактика тадбирлари янада кучайтирилиши лозим

Халқ депутатлари Жомбой тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича комиссиянинг вилоят ҳудудий комиссияси томонидан туманда олиб борилган ўрганишлар натижаси муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев Президентимиз раҳнамолигида ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг иш самарадорлигини янада юксалтириш, жойларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанбаси профилактика куни деб номланиб, ички ишлар идоралари ходимларининг аҳоли билан учрашувлари, мулоқотлари ўтказилмоқда.

Олий Мажлис Сенати ҳузурида ташкил этилган комиссия ва ҳудудий комиссиялар зиммасига ички ишлар органларининг бу борадаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш вазифаси қўйилган.

Самарқанд вилояти ҳудудий комиссияси томонидан Жомбой тумани ички ишлар бўлимининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фаолияти ўрганилганда жорий йилнинг дастлабки уч ойида туманда 58 жиноят содир этилгани аниқланди. Бу ўтган йилнинг шу даврига қиёслаганда 2 тага кам. Лекин фирибгарлик, гиёҳвандлик, одам ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ жиноятлар сони ошган. Туман бўйича 18 маҳаллада жиноят қайд этилган. 38 нафар шахс маъмурий назорат остига олинган.

Ўрганиш давомида айрим профилактика инспекторларининг малакасизлиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича масъул давлат ва нодавлат идоралари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилмагани кузатилди.

Сессияда қайд этилган камчиликлар юзасидан мутасадди идоралар раҳбарлари ва масъул ходимларининг ахборотлари эшитилди. Туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш юзасидан фикр алмашилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
2 107






Все о погоде - Pogoda.uz