Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2017 16:52 Чоп этиш версияси

Профилактика тадбирлари: Хоразм вилоятдаги 159 маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмади

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ҳафтанинг ҳар пайшанбаси ўтказилаётган профилактика куни тадбирлари жойларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Профилактика куни йўлга қўйилгандан буён Хоразм вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирлар давомида 943 жиноят фош этилди, 5 нафар қидирувдаги шахс қўлга олиниб, ҳуқуқбузарлик содир этган 1 минг 178 кишига нисбатан маъмурий чора қўлланилди. Профилактика тадбирлари кенг йўлга қўйилгани, аҳоли ўртасида олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот ишлари туфайли вилоятдаги 159 маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмади.

Профилактика тадбирларида, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг давоматини ўрганиш баробарида тарбияси оғир, жиноятчиликка мойил ўсмирлар билан алоҳида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Жиноят содир этган ёшларнинг қилмиши кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинаётир. Жумладан, маҳаллаларда ташкил этилган 4 мингдан ортиқ шундай учрашувда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилди.

Президентимизнинг жорий йил 9 февраль куни ички ишлар идоралари ходимлари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, профилактика инспекторларига қулай меҳнат ва турмуш шароити яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, уларни хизмат ҳудудига яқин жойда уй-жой билан таъминлаш мақсадида 39 профилактика инспекторига хизмат уйи берилди. 268 нафар профилактика инспекторига уй-жой қуриш учун ер майдони ажратилди. Уларнинг барчасини автомашина билан таъминлаш учун бошланғич тўловлар амалга оширилиб, шартномалар тузилди.

Ўтган вақт давомида профилактика тадбирлари доирасида касб-ҳунар коллежларида машғулотларга сабабсиз қатнашмаётган ўқувчилар аниқланиб, уларнинг ота-оналари билан мулоқот ўтказилди. Таълим муассасаларида жиноятчиликнинг олдини олишга бағишланган 1 минг 600 дан ортиқ тадбир ташкил этилди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
2 299






Все о погоде - Pogoda.uz